БУВАЙДАДАГИ “КЕЛАЖАК МАРКАЗИ” КОРРУПЦИЯ ВА МОЛИЯВИЙ ҚОНУНБУЗАРЛИК ЎЧОҒИГА АЙЛАНДИМИ?
Бувайда туманидаги «Келажак маркази» директори Зилола Тургунова Туркия сафарлари, техника ва жиҳозлардан шахсий мақсадда фойдаланиш ҳамда давлат харидларида шубҳали схемаларга йўл қўйганликда гумонланяпти. Ҳозирча барча айбловлар текширувни кутмоқда.
Фарғона вилояти Бувайда туманидаги «Келажак маркази» директори Зилола Тургунова хизмат мавқеидан фойдаланиб, давлат маблағларини самарасиз сарфлаш ва молиявий қонунбузарликларга йўл қўйганликда гумонланяпти.
Марказ ходимларнинг таъкидлашича, 2026 йилнинг февраль ойида ўқувчилар Туркияга халқаро мусобақада иштирок этиш баҳонасида олиб борилган. Сафар учун давлат бюджетидан қарийб 100 миллион сўм сарфланган, ўқувчиларнинг ота-оналаридан ҳам ҳар бир бола учун 400 АҚШ долларидан пул йиғилган.
Орадан бир неча ой ўтиб, яна бир гуруҳ ўқувчи Туркияга олиб борилди, бу сафар ҳам давлат маблағлари сарфланди ва ота-оналардан худди шу тартибда маблағ йиғилди. Туркияга муассаса раҳбарининг қизи ҳам борган, қизалоқ қўшни туманда таҳсил олади.
Ходимларнинг маълум қилишича, ҳар икки сафарда ҳам амалда ҳеч қандай расмий халқаро мусобақа бўлмаган. хизмат сафарларининг мақсади ва давлат маблағларининг сарфланиши юзасидан расмий текширув ўтказилиши лозим.
Иддаоларга кўра, марказга олиб келинган кондиционерлар, телевизорлар, компьютерлар, рангли принтерлар ва бошқа жиҳозларнинг бир қисми муассаса эҳтиёжлари учун эмас, балки раҳбарнинг шахсий фойдаланишига берилган. Шунингдек, давлат харидлари ва таъмирлаш ишлари бир-бирига алоқадор бўлиши мумкин бўлган ташкилотлар орқали амалга оширилгани ҳақида ҳам шубҳалар мавжуд.
Бу шубҳалар тасдиғини топадими ёки асоссизлиги исботланадими? Барчаси шаффоф тафтишга боғлиқ.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг