«BUTTERFLY» 27 МИЛЛИОНДАН ОРТИҚ ЁЗУВНИ ҚЎЛГА КИРИТГАНИНИ ДАЪВО ҚИЛМОҚДА
Ўзини «BUTTERFLY» деб атаган гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлар базасига кирганини иддао қилмоқда. 27 млн дан ортиқ ёзув тилга олинган, аммо базанинг ҳақиқийлиги ва манбаси ҳозирча мустақил тасдиқланмаган.
Ўзини «BUTTERFLY» деб атаган гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари сақланган базага кирганини даъво қилмоқда. Тарқалган скриншотда архивда 27 миллиондан ортиқ ёзув борлиги айтилган. Бироқ базанинг ҳақиқийлиги, ҳажми ва қаердан олингани ҳозирча мустақил тасдиқланмаган.
Скриншотдаги инглизча баёнотга кўра, гуруҳ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлигига тегишли деб кўрсатилган ички базанинг тўлиқ нусхасини олганини билдирган. Муаллифлар архивда исм-фамилиялар, шахсий идентификация рақамлари, паспорт маълумотлари, яшаш манзиллари, айрим телефон рақамлари ва биометрик суратлар бўлиши мумкинлигини ёзган.
Гуруҳ «далил» сифатида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовга тегишли деб кўрсатилган маълумотларни жойлаган. Уларнинг ҳақиқийлиги ва айнан қайси манбадан олингани текширилмаган. Битта шахс ҳақидаги маълумотнинг эълон қилиниши миллионлаб ёзувдан иборат база ўғирланганини ўз-ўзидан исботламайди.
Баёнот муаллифлари 48 соатлик муддат белгилаб, ўз шартлари бажарилмаса архивни сотувга чиқариш билан таҳдид қилган. Скриншотда талаб қилинаётган пул миқдори кўрсатилмаган. Шунингдек, саҳифанинг турли қисмларида қолган вақт бир-бирига мос келмайди: юқорида 38 соатдан ортиқ, пастда эса 28 соат қайд этилган.
«BUTTERFLY» номи киберхавфсизлик соҳаси учун янги эмас. Symantec 2015 йилда шу ном билан молиявий манфаатни кўзлаган, йирик компанияларнинг махфий ахбороти ва интеллектуал мулкини нишонга олган гуруҳ ҳақида ҳисобот эълон қилган. У дастлаб «Morpho» деб аталган. Аммо Ўзбекистонга оид мазкур баёнот муаллифларининг ўша гуруҳга алоқадорлигини тасдиқловчи далил топилмади. Номнинг бир хиллиги уларни битта гуруҳ деб кўрсатиш учун етарли эмас.
Ҳозирги баёнот ортида ким тургани, гуруҳ аъзолари сони ва уларнинг аввалги ҳужумлари ҳақида ишончли маълумот аниқланмади. Шу боис «27 миллион ўзбекистонликнинг маълумоти ўғирланди» деган хулоса ҳозирча тасдиқланган факт эмас, номаълум шахсларнинг даъвоси бўлиб қолмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг