Ҳоҳ уйда, ҳоҳ ишхонада 50 ёшни қоралаган катта авлод ва ёшлар муносабатлари жуда чигал масала бўлиб қолаверади. «Билимсиз ёшларнинг тарбияси бузилиб, саёзлашиб кетяпти» қабилидаги айбловлар ҳатто қадим Юнонистонда ҳам бот-бот такрорланган. Замонлар оша умумий кайфият ўзгармади – ёшлар илгариги авлодга ўхшамайди, ёшлар жуда нўноқ дейиш ҳануз урфда.

Хўш, ёшларни бир четга суриб турайлик. Бугунги катта авлодимиз асли ким? Уларнинг феъл-атвори, қарашларию-ғоялари қандай шаклланди? Энг муҳими – катталаримиз ёшлардан нима истайди?

1946-1964 йил оралиғида туғилган авлод бумерлар деб аталади. Бумерлар улғайган давр урушдан кейинги тикланиш, иқтисодий барқарорликка интилиш ва жамиятда қатъий тартиб-интизом устун бўлган пайт эди. Уларнинг онгида меҳнат, масъулият ва қоидаларга итоат қилиш асосий қадрият сифатида шаклланган. Ҳис-туйғуларни очиқ ифода қилиш эса унчалик ривожланмаган, кўп оилаларда меҳр сўз билан эмас, балки амалий ҳаракатлар — таъминот, тарбия, талабчанлик орқали кўрсатилган. Аксарият бумерлар энасининг этагида эрка бўлиб ўсмаган, отасини от қилиб минмаган. Балки шу сабабдан, болалигида очиқча меҳр-севгига тўймаган катталаримиз бугун одатда икки хил йўл тутади: биринчи тоифа фарзандига кўпроқ меҳр ва эркинлик беришга интилади, иккинчи гуруҳ ўзи кўрган қаттиқ тарбия моделини такроран тадбиқ этади. Бумер ота-оналар ўз меҳрини масъулият, назорат ва йўл кўрсатиш орқали изҳор қилади.

Мулоқот услубидаги фарқлар ҳам шу аснода шаклланган. Бумерлар одатда тўғридан-тўғри, қатъий оҳангда гапиришса, ёш авлод ота-оналари юмшоқроқ оҳангда дўстона гаплпшади. Шунинг учун бир хил гап икки авлод томонидан мутлақо бошқача қабул қилиниши мумкин. Қатъий йўл-йўриқ кўрсатиш бумерлар учун оддий маслаҳат бўлса, ёшлар буни босим ёки танқид деб қабул қилади.

Бумерлар учун барқарор иш, узоқ муддатли режалар ва интизом муҳим, ёш авлод ўзини англаш, тез ривожланиш ва мослашувчанликка кўпроқ эътибор қаратади. Бу икки ёндашувнинг ҳар бири ўз тарихи ва мантиғига эга, лекин уларнинг тўқнашуви замонавий иш муҳитида тушунмовчиликларни кучайтиради.

Демак, бумерлар билан тил топишиш қийин деган хулоса янглиш. Бумерлар “нотўғри” авлод эмас, уларнинг ҳаётий тажрибси, тарбия ва қадриятлари фарқ қилади холос. Бу фарқлар тўғри тушуниш ва қабул қилишни ўргансак, ўртадаги масофа анча қисқаради.