БУХДУ РЕКТОРИ ҲАМ ВАЗИФАСИДАН КЕТДИ
БухДУни 2019 йилдан бери бошқариб келган ректор Обиджон Ҳамидов «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини вақтинча проректор Рустам Жумаев эгаллади, лекин ўзгаришларнинг асли сабаблари очиқланмаган.
Бухоро давлат университетини 2019 йилдан бери бошқариб келган профессор Обиджон Ҳамидов лавозимидан озод этилди. Унинг «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» вазифасидан олингани айтилмоқда. Ректор вазифасини ўқув ишлари бўйича проректор Рустам Жумаев вақтинча бажармоқда.
Ҳамидов қайси лавозимга ўтаётгани очиқ хабарларда кўрсатилмаган.
Элтузарга тақдим этилган маълумотга кўра, айни пайтда Таълим ва фан вазирлигининг ишчи гуруҳи Бухоро вилоятидаги тўртта давлат олий таълим муассасаси фаолиятини ўрганмоқда. Гуруҳнинг штаби БухДУда жойлашган.
Таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов 9 ноябрь куни вазирликда махсус ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилган эди. Унинг айтишича, 6 ноябрдаги йиғилишда тўрт нафар ректорга жиддий огоҳлантириш берилган. Ҳамидовнинг лавозимдан озод этилиши вазирлик ўрганиши билан боғлиқ экани ҳақида расмий изоҳ ҳозирча очиқланмаган.
Элтузар 10 ноябрь куни БухДУнинг хорижий хизмат сафарлари харажатлари вазирликдаги муҳокамада танқид қилингани ҳақида хабар берган эди.
Ўша мақолада манбаларга таяниб, икки йилда университетнинг хорижий хизмат сафарларига талабалар контракт маблағларидан 3,5 миллиард сўм, шундан ректор сафарларига 508 миллион сўм сарфлангани келтирилган.
ҲИСОБ ПАЛАТАСИ ИЛМИЙ ЛОЙИҲАЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ЎРГАНДИ
12 ноябрь куни ЎзА Ҳисоб палатасининг мамлакат бўйича илмий ва инновацион фаолиятга ажратилган давлат маблағлари юзасидан ўтказган таҳлили натижаларини эълон қилди. Унга кўра, сўнгги ўн йилда молиялаштирилган фундаментал ва амалий лойиҳаларнинг қарийб 98 фоизи иқтисодиёт тармоқларига жорий этилмаган.
Таҳлилда 2016–2026 йилларда давлат бюджети ҳисобидан бажарилган 763 та фундаментал лойиҳанинг 64 таси, яъни 8,4 фоизи амалий босқичга ўтгани қайд этилган.
Ҳисоб палатаси бошқарувдаги тарқоқлик, бюрократик кечикишлар ва қиммат лаборатория жиҳозларидан самарасиз фойдаланиш каби муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиққан.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг