16 ноябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов Тошкентнинг «Эски жува» бозорига борибди. Нарх-наво билан танишганми, бозорлик қилганми – маълум эмас. Лекин ўша куни бир сотувчи учун Ариповнинг бозорга келиш нархи маълум бўлди. Уч сутка қамағ.

Элтузарга келган хабарга кўра, ташриф олдидан ички ишлар ходимлари бозорни «норози кайфиятдаги фуқаролар»дан тозалашган. Сотувчи Санжар Каримов Бош вазирни кўриб қолса, блогер амакиси Ғайрат Каримов ноҳақ қамалган деб ҳисоблашини айтиб, арз қилмоқчи бўлган. Бу ниятини бир-икки одамга айтибди, холос.

«Эски жува»да гап ҳам харидоргир экан. Қулоқлар тиқилиб ётибди короче. Санжарнинг арзи Бош вазирга етиб бордими, билмаймиз. Лекин арз қилмоқчи экани мелисага шессекундда этиб етиб борган. Хабарга илова қилинган видеода қизил куртка кийган сотувчи Санжар Каримовни олиб кетишаётгани тасвирланади. Яқинларига кўра, Шайхонтоҳур тумани суди кейин Санжар Каримовни уч суткага қамаб қўйиш ҳақида ҳукм чиқарган. Ана сизга адолат!

«Эски жўва» бозоридаги воқеа: сотувчини олиб кетиш жараёни кузатув камерасига муҳрланган.

Видеони тақдим этган қариндошининг айтишича, у ҳам аввал Бош вазир олдига чиқишга уринганида «бўйсунмаслик» важи билан бир неча марта қамалган. Шу тажрибадан кейин бозорчиларга кимдир «дардингни юқорига айт», деса, улар «неча суткага?» деб сўраса ҳам ажаб эмас.

Абдулла Арипов булардан хабардорми, ҳозирча номаълум. Аммо Бош вазирга бозорнинг аҳволини кўрсатиш учун гапи бор сотувчини олиб кетишган бўлса, эртага ҳисоботга бемалол ёзиш мумкин.

«Бош вазир аҳоли билан учрашди. Аҳолидан шикоят тушмади».