Хоразм вилояти Боғот тумани Боғзор маҳалласида яшовчи Абдикаримов Рузтамбой Элтузарга йўллаган мурожаатида кўмир нархининг ҳисоб-китобини очиқлаш ва унинг сифатини лабораторияда текширишни сўрамоқда. Қуйида мурожаат тўлиқ, имло ва услуб жиҳатидан таҳрирланган ҳолда берилмоқда.

Ассалому алайкум, ҳурматли Элтузар ходимлари! Сизлардан ушбу мурожаатимни нашр этиб, унда кўтарилган масалаларни ёритишингизни сўрайман.

Мен Хоразм вилояти Боғот тумани Боғзор маҳалласида яшовчи Абдикаримов Рузтамбойман. Маҳалламизда табиий газ йўқ. Мен II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсман. Ойлик пенсиям 1 миллион сўм.

Боғот тумани кўмир омборида аҳолига тарқатиладиган ёқилғи кўмирининг бир тоннаси 815 минг сўмдан сотилмоқда. Ўтган йилларда эса бир тоннаси тахминан 330 минг сўм эди.

815 минг сўмлик нарх қандай ҳисоб-китоб асосида белгиланган? Кўмирнинг маркаси қайси? Омбор уни биржадан қанчага сотиб олган ва устига қанча устама қўшилган?

«Ўзбеккўмир»нинг расмий маълумотига кўра, 2026 йил 25 октябрдан бошлаб кўмирнинг бошланғич улгуржи нархи маркасига қараб тоннасига 280 минг сўмдан 512 минг сўмгача белгиланган. Унда нега Боғотда аҳолига бир тонна кўмир 815 минг сўмдан сотиляпти? Бу фарқнинг ҳисоб-китоби аҳолига кўрсатилсин.

Иккинчи муаммо — кўмирнинг сифати. Қўшниларим олиб келган кўмирни видеога олдим. Кўринишидан, унинг тахминан 70–80 фоизи қум ва майда чиқиндига ўхшайди. Омборнинг бир четида кўмирни катта элакдан ўтказиб, сифатлисини ажратишаётганини кўрдим. Элакдан ажратилган сифатли кўмирнинг бир тоннаси 2 миллион 100 минг сўм экани айтилди.

Бу кўмирми ёки кўмир кукуни? Боғот аҳолиси жавоб кутмоқда.

Омбордаги Феруз исмли иш бошқарувчидан сифатли кўмир олишда ёрдам сўрадим, аммо ёрдам берилмади. Кўмирни машинага юклаш учун ҳайдовчига яна 50 минг сўм бериш кераклиги айтилди. Бу тўловнинг ҳам қонуний асоси кўрсатилсин.

Ўз оилам ва икки нафар фарзандимнинг оилалари учун, жами учта оилага, бир мавсумда 5 тонна кўмир оламан. Тоннасини 815 минг сўмдан ҳисобласак, 5 тонна кўмир 4 миллион 75 минг сўмга тушади. Юклаш ҳақини ҳам қўшганда, жами 4 миллион 325 минг сўм бўлади. Ойига 1 миллион сўм пенсия оладиган ногиронлиги бўлган инсон учун бу жуда катта харажат.

Мутасадди идоралардан қуйидагиларни сўрайман.

  • 815 минг сўмлик нархнинг иқтисодий ва ҳуқуқий асослари, кўмирнинг маркаси ва биржадаги харид нархи очиқлансин.
  • Нархга қўшилган устама ва ташиш харажатлари текширилсин. Ортиқча устама қўлланган-қўлланмагани аниқлансин.
  • Кўмир сифати лабораторияда текширилиб, таркибидаги қум ва чиқинди миқдори аниқлансин.
  • 50 минг сўмлик юклаш ҳақи қандай асосда олинаётгани текширилсин.
  • Менга ва бошқа аҳоли вакилларига белгиланган талабларга жавоб берадиган сифатли кўмирни қонуний ва асосланган нархда сотиб олишда амалий ёрдам берилсин.

Мен текин кўмир сўрамаяпман. Ўз пулимга сифатли кўмирни адолатли ва асосланган нархда сотиб олишни хоҳлайман. Ногиронлиги бўлган инсон бир мавсумлик ёқилғи учун бундай қийинчиликка дуч келмаслиги керак.

Абдикаримов Рузтамбой, Хоразм вилояти, Боғот тумани, Боғзор маҳалласи