ВАНИҲОЯТ… БЕҲЗОД МУСАЕВ ЛАВОЗИМИДАН ТЕПИЛДИ
Док-1 Макс фожиаси, вазирликлардаги молиявий бокиламаслик ва миграция агентлигидаги шаъни тушган иш услуби ортидан Беҳзод Мусаев навбатдаги лавозимидан ҳам озод этилди. Муаллиф унинг «етти жонли» каръераси ҳақида гапиради.
Куни кеча Россияда вазирлар билан мулоқот қилиб юрган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев зудлик билан Тошкентга чақирилди.
Ўзбекистон фуқароси ҳеч қайси мулозимни танимаса ҳам Беҳзод Мусаевни яқиндан билиб олиши шарт. Айнан Беҳзод Мусаев соғлиқни сақлаш вазири бўлган даврда Док-1 Макс фожиаси юз берди. 50 дан зиёд ёш бола шу доридан заҳарланиб ўлди. Барча масъуллар «жазоланди», вазир ҳазратлари биргина узр сўрашга ярамади.
Сўнг Беҳзод Мусаев Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири этиб тайинланди. Деярли янги бўлган вазирлик биносини таъмирлаш баҳонасида каттагина маблағ ўзлаштирилди. Гуруҳбозлик, иқтисодий махинациялар, анархиянинг чек-чегараси кўринмай, шикоятлар сони ортгач Мусаев янги конторага равона бўлди.
Миграция агентлиги ҳисобидан ўз далаҳовлисида икки ишчини ёллаган, Жанубий Кореядан мармар гўшт олиб келдириб даврини сурган Мусаев лавозимидан олинди.«Беҳзод Анварович Мусаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори лавозимидан озод этилди» – дейилади расмий хабарларда.
Энди кутамиз, бир думалаб яна бирор вазирлик ё агентликка бош бўлиб қолмаса яхши эди. Мушуклар каби Мусаев каръерасининг етти жони борлигини инобатга олсак, ҳар нима бўлиши мумкин.
Аммо жаноб Беҳзод Мусаев бир ҳақиқатни ўнг қулоғи билан ҳам, сўл қулоғи билан эшитиб олса ўзига фойда бўларди. Таниқли ҳуқуқбон айтмоқчи: Виагра ва мармар гўшт доим ҳам ёрдам беролмайди
.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг