Ўзбекистон автомобилсозлик саноатида 51,4 миллиард сўмлик эҳтимолий талон-торож билан боғлиқ йирик жиноят иши қўзғатилган. Иш доирасида Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими, «Ўзавтосаноат» бошқарув раиси ўринбосари Даврон Ҳидоятов ҳамда «Avtosanoat Invest» раҳбари Абдували Абдумавлоновнинг фаолияти текширилмоқда. Бу ҳақда Элтузарнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги ишончли манбаси хабар берди. Манбага кўра, ҳар иккиси ҳозирча ҳибсга олинмаган, аммо тергов қилинмоқда.

Элтузар манбасининг билдиришича, жиноят иши Давлат хавфсизлик хизматининг тергов бошқармаси томонидан Бош прокуратура билан келишилган ҳолда қўзғатилган. Тергов Тошкент шаҳридаги автомобилсозлик корхоналарига тегишли қимматбаҳо ер участкалари ва кўчмас мулк объектларини бозор баҳосидан анча арзон нархларда расмийлаштириш, завод биноларини бузиш ҳамда давлат активларига катта миқдорда зарар етказиш ҳолатлари билан боғлиқ.

Ишда номи тилга олинаётган Абдували Абдумавлонов Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизовнинг ўғлидир.

Мазкур воқеаларнинг илдизи Президентнинг 2022 йил 28 июлдаги ПҚ-335-сон қарорига бориб тақалади. Унга мувофиқ, Тошкент шаҳридаги автомобилсозлик ва машинасозлик корхоналарига қарашли жами 6,1 гектар ерда кўп қаватли тураржойлар қуриш режалаштирилган эди. Ер ва мулк объектлари бозор қийматида қурилиш лойиҳаларига киритилиши, улардан олинадиган даромад эса автомобилсозлик саноатини ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилиши керак бўлган.

Бироқ терговга оид Элтузарга етказилган маълумотларда ушбу қарор ижроси давомида мулкларни баҳолаш ва уларни хусусий компаниялар иштирокида қурилиш лойиҳаларига ўтказиш жараёнида жиддий қонунбузарликларга йўл қўйилгани айтилмоқда.

Жумладан, Мирзо Улуғбек тумани Сайрам кўчасида жойлашган «Ist-Butterfly» заводининг 0,8 гектар ери ва мулки дастлаб 79,2 миллиард сўмга баҳоланган. Аммо «Midland Consulting» баҳоловчи компанияси унинг қийматини 42,8 миллиард сўм қилиб кўрсатгани иддао қилинмоқда.

Манба маълумотига кўра, «Avtosanoat Invest» ва хусусий «Anriona» компанияси иштирокида завод бинолари бузилган, бузишдан чиққан қурилиш материаллари эса тегишли тартибда ҳисобга олинмаган. Мазкур эпизод бўйича давлат манфаатларига етказилган зарар 36,3 миллиард сўм деб баҳоланмоқда.

Шунга ўхшаш ҳолатлар Тошкентнинг Олмазор туманидаги яна икки йирик объектда ҳам аниқлангани айтилмоқда.

Уста Ширин кўчасида жойлашган «Agregat-Agrotech» корхонаси мулкининг қиймати 5,7 миллиард сўмга, Қорасарой кўчасидаги «Texnologmash» корхонаси мулкининг қиймати эса 9,5 миллиард сўмга камайтириб кўрсатилгани ҳақида маълумотлар бор.

Терговга оид маълумотларда ушбу объектларни бузиш ва улардан чиққан материалларни тасарруф этиш жараёнида «Future Growth» компанияси иштирок этгани, бу икки эпизод бўйича умумий зарар 15,15 миллиард сўмни ташкил қилгани билдирилган.

Шу тариқа, терговга асос бўлган ҳолатлар бўйича жами зарар 51,4 миллиард сўмдан ошгани айтилмоқда.

Эътиборлиси, бу ишларнинг барчаси аҳоли учун янги тураржойлар қуриш ва саноат корхоналарини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган давлат қарори доирасида амалга оширилган.

Элтузарга тақдим этилган маълумотларда 2024 йил охирига келиб юқоридаги объектларда режалаштирилган уй-жойлар қуриб битказилмагани, айрим завод бинолари эса аллақачон бузиб ташлангани таъкидланади.

Бундан ташқари, жиноят ишига оид маълумотларда «Future Growth» компаниясидаги улушлар кейинчалик «Story Premium House» корхонасига ўтказилгани, мазкур компания эса «Bashkent Development» номи билан фаолият юритгани айтилган. Айрим ҳужжатлар ортга сана қўйиб қайта расмийлаштирилгани ҳақида ҳам гумонлар мавжуд.

Манбага кўра, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази томонидан ўтказилган экспертизада объектларни баҳолаш ҳисоботларида жиддий камчиликлар аниқланган. Бироқ Элтузар ҳозирча ушбу экспертиза хулосасининг тўлиқ матнига эга эмас.

Жиноят ишида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди -жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳолати тилга олинмоқда. Мазкур моддада, бошқа жазо чоралари қаторида, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Элтузар манбасига кўра, Даврон Ҳидоятов ҳам, Абдували Абдумавлонов ҳам ҳозирча қамоққа олинмаган. Улар тергов органларига келиб-кетмоқда. Уларнинг процессуал мақоми ва қандай эҳтиёт чоралари қўллангани ҳақида тўлиқ маълумот йўқ.

Даврон Ҳидоятов 2021–2022 йилларда Тошкент вилояти ҳокими, кейинроқ Чирчиқ шаҳри ҳокими бўлиб ишлаган. 2024 йил март ойида «Ўзавтосаноат» бошқарув раисининг инновация ва инвестициялар бўйича ўринбосари этиб тайинланган. Жамиятнинг 2026 йил октябрида янгиланган расмий маълумотида у инвестициялар бўйича раис ўринбосари сифатида кўрсатилган.

Бу иш ДХХ собиқ раиси Абдусалом Азизов атрофидаги тергов хабарлари ортидан жамоатчилик эътиборини тортиши мумкин. Жумладан, «Озодлик» радиоси 2026 йил 2 октябрда Азизовнинг ўзига нисбатан ҳам бир нечта коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича тергов олиб борилаётганини хабар қилган эди. Нашр манбалари бу ишда Тошкентдаги ерларни сотишга оид эпизодлар ҳам борлигини билдирган.

Бироқ Азизовга нисбатан олиб борилаётган тергов билан «Ўзавтосаноат» тизимидаги мазкур жиноят иши ўртасида бевосита боғлиқлик мавжудлиги ҳозирча аниқ эмас.

Элтузар манбаси жиноят иши мавжудлигини тасдиқлаган бўлса-да, иш материаллари ва экспертиза хулосаларининг тўлиқ нусхалари таҳририят ихтиёрида эмас. Ҳозиргача Бош прокуратура ва ДХХ томонидан мазкур иш юзасидан расмий баёнот эълон қилингани ҳақида маълумот йўқ.

Элтузар мазкур суриштирувни давом эттиради. Таҳририят Даврон Ҳидоятов, Абдували Абдумавлонов, «Ўзавтосаноат» раҳбарияти ва ишда номи тилга олинган компанияларнинг муносабатини ҳам ёритишга тайёр.