АҚШда миграция сиёсати атрофидаги баҳслар яна янги босқичга чиқмоқда. Дональд Трамп маъмурияти “туғилиш туризми” (birth tourism) деб аталувчи амалиётга қарши кескин чоралар кўриш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу таклифга кўра, фарзанди АҚШ ҳудудида туғилиши орқали автоматик фуқаролик олиш мақсадида мамлакатга келаётган ҳомиладор аёлларнинг кириши чекланиши мумкин.

Трампнинг миграция масалалари бўйича маслаҳатчиси Стивен Миллернинг фикрича, айрим хорижликлар туристик виза орқали АҚШга келиб, фарзандини шу ерда дунёга келтиради. Натижада бола Конституциянинг 14-тузатишига асосан АҚШ фуқаролигини қўлга киритади. Миллер бундай ҳолатларни нафақат иммиграция сиёсати, балки миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам баҳолаш кераклигини таъкидлаб, айрим ҳолларда бу келажакда стратегик хавфларни юзага келтириши мумкинлигини айтди.

“Туғилиш туризми” сўнгги йилларда АҚШ учун жиддий сиёсий мавзулардан бирига айланди. Айниқса, Хитой, Россия, Нигерия ва Лотин Америкасининг айрим давлатларидан келувчилар орасида бу амалиёт кенг тарқалгани ҳақида бир неча бор расмий идоралар маълумот берган. Айрим хусусий компаниялар ҳатто АҚШда туғиш бўйича махсус хизматлар, турар жой ва тиббий ёрдамни ўз ичига олган “туғилиш пакетлари”ни таклиф қилиб келган.

Бироқ мазкур ташаббус ҳуқуқий баҳсларни ҳам келтириб чиқармоқда. Чунки АҚШ Конституциясининг 14-тузатиши мамлакат ҳудудида туғилган шахсларга фуқаролик бериш тамойилини кафолатлайди. Шу боис ҳуқуқшунослар фикрича, маъмуриятнинг имкониятлари асосан визаларни бериш сиёсати ва чегара назорати билан чекланиши мумкин. Фуқаролик ҳуқуқини ўзгартириш эса анча мураккаб ҳуқуқий жараён ҳисобланади.

Халқаро тажрибага назар ташланса, туғилиш орқали автоматик фуқаролик (jus soli) амалиёти тобора камайиб бормоқда. Сўнгги ўн йилликларда бир қатор давлатлар “туғилиш туризми”нинг олдини олиш мақсадида қонунчилигини қайта кўриб чиққан.

Масалан, Ирландия 2004 йилда ўтказилган референдумдан сўнг автоматик фуқаролик бериш тартибини бекор қилди. Австралияда эса бола фуқаролик олиши учун ота-онасидан камида бири мамлакат фуқароси ёки доимий резиденти бўлиши талаб этилади. Янги Зеландия ҳам 2006 йилдан бошлаб худди шундай тартибни жорий қилди. Буюк Британияда эса 1983 йилдан бери туғилишнинг ўзи фуқаролик учун етарли асос ҳисобланмайди.

Канада эса ҳозирча АҚШ билан бир қаторда туғилиш жойига қараб фуқаролик берувчи асосий давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ у ерда ҳам “туғилиш туризми”ни чеклаш бўйича вақт-вақти билан сиёсий баҳслар кўтарилиб туради.

Бу амалга оширилса ҳомиладор бўлиб, АҚШга учиб, бир айланиб АҚШ фуқаросини дунёга келтирадиганлар ҳам кўпайган эди. Ўқиш ва иш баҳонасида кетган ўзбеклар орасида бу кўп кузатилмоқда.

Экспертлар таъкидлашича, Трамп маъмуриятининг бу ташаббуси иммиграция сиёсатидаги умумий қатъийлашувнинг бир қисми ҳисобланади. Агар таклиф амалга оширилса, у нафақат хорижлик сайёҳлар учун янги талабларни юзага келтиради, балки АҚШнинг кўп йиллик фуқаролик сиёсати атрофидаги ҳуқуқий ва сиёсий мунозараларни янада кучайтириши мумкин.