АҚШ президенти Дональд Трамп бу гал мусулмонларнинг энг муқаддас ва кенг тарқалган исмларидан бири — Муҳаммадни сиёсий ҳазил мавзусига айлантирди.

16 октябрь куни Жоржия штатидаги сайловолди митингида у Яқин Шарқдан келган одамнинг исмини билмасангиз, уни Муҳаммад деб чақириш кифоялигини айтди. Трампнинг даъвосича, бундай тахмин 65 фоиз ҳолатда тўғри чиқади.

«Мен буни кўп йиллардан бери қиламан ва ҳеч қачон адашмаганман», деди президент.

Reuters агентлигининг хабар беришича, залдагилар бу ҳазилни унчалик қизғин кутиб олмаган.

Аммо масала шунчаки ҳазилда эмас. Муҳаммад — дунёдаги миллионлаб мусулмонлар учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак исми. Уни масхараомуз сиёсий риторикага айлантириш мусулмон жамоаларида диний ҳурмат ва тенг муносабат масаласини кун тартибига олиб чиқмоқда.

Трампнинг бу чиқиши тасодифий эмас. У бундан аввал Мичиган штатидан АҚШ Сенатига номзод бўлган демократ Абдул Эл-Сайедни атайлаб «Муҳаммад» деб атаган, ҳатто уни «жиҳодчи телба» сифатида таърифлаган эди.

Эл-Сайед — мисрлик муҳожирлар оиласидан чиққан америкалик шифокор ва сиёсатчи. У 3 ноябрдаги сайловда республикачилар номзоди Майк Рожерс билан рақобатлашади. Ғалаба қозонса, АҚШ тарихидаги биринчи мусулмон сенатор бўлади.

Хўш, нима учун америкалик сиёсатчининг иқтисодий дастури, соғлиқни сақлаш ёки ташқи сиёсатга муносабати эмас, айнан унинг мусулмонлиги сиёсий баҳс марказига чиқарилмоқда?

Трамп ва унинг тарафдорлари Эл-Сайеднинг қарашларини радикал деб танқид қилмоқда. Эл-Сайед эса бу айбловларни исломофобик ҳужум сифатида баҳолайди. Сайлов кампаниясида ҳатто номзоднинг террорчиликка алоқадорлиги ҳақида ҳам исботланмаган даъволар илгари сурилган.

Бу баҳс Америка сиёсатидаги анча чуқур зиддиятни очиб бермоқда.

Бир томондан, АҚШ ўзини диний эркинлик, фуқаролар тенглиги ва демократик қадриятлар ҳимоячиси сифатида кўради. Иккинчи томондан, мамлакат президентининг ўзи мусулмон номзоднинг исмини масхара қилиши ва уни «жиҳодчи» деб аташи айнан шу қадриятларга қанчалик амал қилинаётгани ҳақида саволлар туғдиради.

Мичиган штатининг ўзида катта араб ва мусулмон жамоалари яшайди. Ғазодаги уруш, Исроил сиёсати ва Эрон билан ҳарбий қарама-қаршилик бу жамоаларнинг сиёсий кайфиятига таъсир кўрсатмоқда. Шу шароитда диний мансубликка урғу бериш сайловчиларни бирлаштиришдан кўра, улар ўртасидаги зиддиятларни кучайтириши мумкин.

Трамп тарафдорлари унинг кескин ва провокацион услубини сиёсий очиқлик, рақибларга нисбатан муросасизлик деб қабул қилиши мумкин. Бироқ диний исмни масхара қилиш билан сиёсий рақибнинг ғояларини танқид қилиш ўртасида муҳим фарқ бор.

Муҳаммад исми терроризмнинг белгиси эмас. Мусулмон бўлиш эса радикализмнинг далили эмас.

АҚШдаги бу можаро фақат бир номзод ёки бир ҳазил ҳақида эмас. У сиёсий рақобатда диний идентификациядан қандай фойдаланилаётгани, мусулмон фуқароларга муносабат ва демократиядаги тенг ҳуқуқлилик чегаралари ҳақидадир.