АҚШДА ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОСИ 12 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ЮК ЎҒИРЛИГИГА АЛОҚАДОРЛИКДА АЙБЛАНМОҚДА
АҚШда 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси Нурсултон Ҳайдаров юк ташиш компаниялари орқали камида 24 та партияни ўғирлашда ва 12 млн долларлик товарлар йўқолишида жиноий тил бириктиришда айбланмоқда. Айблов исботланса, уни беш йилгача қамоқ кутмоқда.
АҚШда 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси Нурсултон Иззатуллоевич Ҳайдаров камида 24 та юк партиясининг ўғирланиши билан боғлиқ жиноий тил бириктиришда айбланмоқда. Америка прокуратурасига кўра, у иштирок этгани гумон қилинаётган ўғирликлардаги товарларнинг умумий чакана қиймати 12 миллион доллардан ошади.
Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги 21 октябрь куни расмий хабар тарқатди.
Тергов маълумотларига кўра, Ҳайдаров ва унинг эҳтимолий шериклари 2025 йил сентябридан бошлаб АҚШдаги бир нечта юк ташиш компанияларини сотиб олган ёки улар устидан назорат ўрнатган.
Гуруҳ аъзолари компанияларнинг расмий рўйхат рақамлари, электрон почта манзиллари ва эгалари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиб, ўзларини ушбу корхоналарнинг аввалги раҳбарлари сифатида таништирган.
Шу йўл билан улар штатлараро юк ташиш бўйича шартномалар тузган. Юклар омборлардан қабул қилиб олинган, аммо белгиланган манзилга етказилмаган. Айрим ҳолларда юкларни қайтариб бериш эвазига пул талаб қилингани айтилмоқда.
Прокуратура маълумотига кўра, гумон қилинаётган гуруҳ камида 24 та юк партиясининг ўғирланишига алоқадор бўлган. Улар орасида компьютер техникаси, қаттиқ дисклар, электрон ускуналар, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари ва никотин маҳсулотлари бор.
Тергов жараёнида Ҳайдаровнинг бир нечта сохта ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдалангани ҳам аниқлангани айтилмоқда. Ҳужжатлар Сайид Маҳмударов, Рустам Мавлонов, Дмитрий Аганин, Роман Смиров ва Қайрат Нуртас номларига расмийлаштирилган бўлган.
Айблов хулосасига кўра, барча гувоҳномаларда Ҳайдаровнинг юз қиёфаси ўзгартирилган суратлари жойлаштирилган.
Ҳайдаров АҚШда доимий яшаш учун қонуний рухсатга эга бўлган ва Нью-Жерси штатида берилган ҳақиқий тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасидан ҳам фойдаланган.
Ўзбекистон фуқароси 2026 йил 1 июнь куни Калифорния штатидаги Онтарио шаҳрида ҳибсга олинган.
22 сентябрь куни Коннектикут штатидаги Нью-Ҳейвен шаҳрида федерал катта ҳакамлар ҳайъати унга нисбатан жиноий тил бириктириш бўйича айблов хулосасини тасдиқлаган.
21 октябрь куни Ҳайдаров Брижпорт шаҳридаги федерал судда иштирок этиб, ўзига қўйилган айбловни рад этган. У ҳибсга олинганидан буён қамоқда сақланмоқда.
Айблов судда исботланса, Ҳайдаров беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Иш бўйича терговни Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) АҚШнинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан ҳамкорликда олиб бормоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг