РОССИЯ АРМИЯСИГА ЁЛЛАНГАНЛАР ОРАСИДА ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ЕТАКЧИЛАР ҚАТОРИДА
«Хочу жить» лойиҳаси маълумотларига кўра, Россия армияси билан шартнома имзолаган 45,9 минг хорижлик орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари энг кўп ёлланган гуруҳлардан бири сифатида тилга олинмоқда.
Россия армияси билан шартнома имзолаган хорижликлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари энг кўпчиликни ташкил этувчи гуруҳлар қаторида. Бу ҳақда Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси тақдим этган маълумотларда айтилган. Рақамларни ҳарбий асирлар масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи штаб котиби Дмитрий Усов «Crimea Global» халқаро конференциясида келтирган.
Лойиҳа тақдим этган инфографикага кўра, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига Россия қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 45 959 нафар хорижликнинг шахси аниқланган. Улар 151 мамлакат ва тан олинмаган ҳудудлардан келган.
Ҳужжатда хорижликларнинг янги шартномалар имзолаши йиллар кесимида кўрсатилган: 2022 йилда — 94 нафар, 2023 йилда — 4 067 нафар, 2024 йилда — 8 877 нафар, 2025 йилда — 16 085 нафар. 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса 16 168 нафар хорижлик шартнома имзолаган — бу ўтган йилнинг жами кўрсаткичидан ҳам кўп.
Инфографикадаги изоҳга кўра, умумий ҳисобга шартнома имзолаган санаси аниқланмаган яна 668 киши киритилган. Шу сабабли 45 959 рақами йиллар бўйича кўрсатилган сонлар йиғиндисидан катта.
«Хочу жить» маълумотига кўра, Россиянинг 2026 йил учун режаси 18 500 нафар хорижликни жалб қилишдан иборат. Энг кўп ёлланганлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Беларусдан экани билдирилган. Бироқ илова қилинган инфографикада алоҳида давлатлар бўйича рақамлар келтирилмаган.
2022 йилдан буён Украинада 59 мамлакат фуқаролари асирга тушган. «Хочу жить» лойиҳасининг хорижлик ҳарбий асирлар ўртасида ўтказган сўровида қатнашганларнинг 46,7 фоизи Россия фуқаролигини олиш учун шартнома имзолаганини айтган. 28 фоизи эса Украинага қарши урушда қатнашишини олдиндан билмаганини билдирган.
Сўров иштирокчиларининг 41,4 фоизи ҳарбий комиссариатлар ва саралаш пунктлари орқали ёлланганини, 79 фоизи эса асирлар алмашинуви орқали Россияга қайтишни хоҳлашини айтган. Бу натижалар сўровда қатнашган асирларга тегишли.
Келтирилган рақамлар Украина томонининг «Хочу жить» лойиҳаси маълумотларига асосланган. 45 959 киши — Россия армиясида ҳозир хизмат қилаётган хорижликлар сони эмас, балки шартнома имзолагани ва шахси аниқланганларнинг жами ҳисобидир.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг