БАНГЛАДЕШЛИК ЭР-ХОТИН ҲАРАМДА “АХЛОҚСИЗ ҲАРАКАТ” СОДИР ЭТГАНИ УЧУН ҚАТЛ ЭТИЛДИ
Маккада масжидда «ахлоққа зид ҳаракат» содир этганликда айбланган икки бангладешлик эр-хотин Саудияда ўлим жазосига ҳукм қилиниб қатл этилди. Бангладеш ҳукумати ташвиш билдириб, ҳодиса ва суд жараёни тафсилотлари бўйича расмий изоҳ сўради.
Саудия Арабистонида Макка шаҳридаги масжидлардан бирида «ахлоққа зид ҳаракатлар» содир этганликда айбланган икки Бангладеш фуқароси қатл этилди. Бу ҳақда BBC Саудия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.
Қатл этилганлар Назрул Ислом Абдул Басир ва Сити Ахтар исмли эркак ва аёл экани айтилмоқда. Ҳукм 2026 йил 14 октябрда Макка минтақасида ижро этилган.
Саудия расмийларининг билдиришича, икки фуқаро масжидда «ахлоқсиз ва беҳаё ҳаракатлар» содир этганликда айбланиб ҳибсга олинган. Терговдан сўнг иш судга оширилган. Суд уларни айбдор деб топиб, ислом ҳуқуқидаги «таъзир» қоидалари асосида ўлим жазосига ҳукм қилган.
Ҳукм юқори суд инстанцияси томонидан тасдиқланган, сўнгра қирол фармони билан ижро этилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, бангладешлик эркак Маккадаги Ҳарам масжидида ҳомиладор рафиқасининг қорнидан ёки пешонасидан ўпгани учун қатл этилган. Айрим хабарларда улар янги турмуш қурган жуфтлик сифатида тасвирланган.
Бироқ Саудия Ички ишлар вазирлиги айбланувчилар айнан қандай ҳаракат содир этганини очиқламаган. Ҳодиса Ҳарам масжидида юз бергани ҳам расман тасдиқланмаган.
Бангладеш матбуоти Назрул Исломнинг отаси Абдул Басирга таяниб, марҳум Саудия Арабистонига ишлаш учун борганини хабар қилди. Отасининг айтишича, ўғли мамлакатга келганидан тахминан олти ой ўтиб ҳибсга олинган ва уч йилу уч ой давомида қамоқда сақланган.
У, шунингдек, оиласи Сити Ахтар исмли аёлни танимаслигини ва ўғлининг у билан турмуш қурганидан хабари йўқлигини билдирган.
Бангладеш ҳукумати ўз фуқароларининг қатл этилиши ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаганини маълум қилди. Дакка расмийлари Саудия Арабистонидан воқеа тафсилотлари, суд жараёни ва ҳукмнинг ҳуқуқий асослари юзасидан тушунтириш сўраган.
Ҳозирча икки фуқарога қўйилган айбловнинг тўлиқ мазмуни, воқеа содир бўлган масжид номи ва суд жараёни тафсилотлари жамоатчиликка ошкор этилмаган. Қатл қандай усулда амалга оширилгани ҳам расман маълум қилинмаган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг