Шундай қилиб, Эрон портларининг блокадаси бугун, 13 апрель куни шарқий вақт билан соат 10:00 да (Тошкент вақти билан 19:00 да) бошланади.

Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM)нинг ижтимоий тармоқларда эълон қилинган баёнотида айтилди.

Хўш, Американинг бу қадами Трамп истаган натижани берадими?

Бу қарор сиртдан қараганда Эронга босимни кучайтириш воситаси бўлиб туюлади. Аммо стратегик нуқтаи назардан кутилган натижани бермаслиги, аксинча, вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин. Чунки бу ерда гап оддий санкция ёки ҳарбий кучни кўрсатиш ҳақида бораётгани йўқ. Гап ўзини мавжудлиги таҳдид остида деб биладиган давлат ҳақида кетяпти.

Эрон учун АҚШ ва Исроил томонидан келаётган босим фақат дипломатик ёки иқтисодий муаммо эмас, балки миллий хавфсизлик ва давлат суверенитетига доир масала сифатида қабул қилинади. Тарих шуни кўрсатадики, кучли миллий руҳга эга, ташқи босимга чидамли давлатлар бундай вазиятда тез таслим бўлмайди. Аксинча, ташқи таҳдид ички сафарбарликни кучайтиради, ҳукумат атрофида жипслашувни кучайтиради ва муросага мойилликни пасайтиради. Шу маънода, “кескин босим Эронни тиз чўктириб, таслим бўлишга мажбур қилади” деган қараш реал сиёсий мантиққа мос келмайди.

Масаланинг иккинчи, янада муҳим томони эса жаҳон иқтисодиёти билан боғлиқ. Эрон нефти йиллар давомида турли чекловларга қарамай глобал бозор учун аҳамиятли хом ашё бўлиб келди. Амалда кўп давлатлар Эрон нефтининг тўлиқ йўқолиб кетмаслигидан манфаатдор, чунки бу таклифни қисқартириб, нархларни кескин ошириши мумкин. Агар блокада орқали Эрон нефтини жаҳон бозорига чиқишдан тўсишга уриниш кучайса, бу нафақат Теҳронга, бутун глобал таъминот занжирига ҳам зарба беради.

Бу ерда хавф фақат нефть билан чекланиб қолмайди. Агар зиддият кенгайиб, Эрон ёки унга яқин кучлар Қизил денгизда ҳам ҳаракат эркинлигига таҳдид солса, дунё бозори бир вақтнинг ўзида икки стратегик йўлакда босим остида қолади: бир томонда Форс кўрфази ва Ҳурмуз, иккинчи томонда Қизил денгиз. Бундай ҳолат нефть, газ, кимёвий маҳсулотлар, ўғитлар ва бошқа хомашёлар етказиб беришини издан чиқариши мумкин. Натижада транспорт харажатлари ошиб, суғурта ставкалари қимматлашади, логистика узаяди ва бу жараён инфляцияни янада кучайтиради.

Бундай босим сиёсати Эронни ожизлантиришдан кўра, уни жавоб чораларига ундаши эҳтимоли катта. Яъни блокада ҳарбий ва иқтисодий мажбурлаш воситаси сифатида эмас, балки кенгроқ регионал эскалацияни чақирувчи қадамга айланиши мумкин. Бу эса Вашингтон ўйлаганидек тезкор сиёсий ғалаба эмас, аксинча, узоқ давом этадиган, қимматга тушадиган ва назорат қилиш қийин бўлган қарама-қаршиликни келтириб чиқаради.

Шу сабабли Эрон қамали нафақат иш бермаслиги, балки қарши натижа бериши мумкин. Чунки Эронни иқтисодий бўғиш орқали таслим этаман деган ёндашув амалда жаҳон иқтисодиётига ҳам босим ўтказади. Нефть нархи ўсади, денгиз савдоси издан чиқади ва охир-оқибат бу босимнинг бир қисми АҚШнинг ўзига ҳам қайтади.

Хулоса шуки, Эронга қарши денгиз блокадаси ҳарбий жиҳатдан кескин, сиёсий жиҳатдан хатарли ва иқтисодий жиҳатдан ўта қиммат қарор бўлиши мумкин. Бу қадам Теҳронни тез таслим эттиришдан кўра, уни янада қаттиқроқ қаршиликка ундаши, минтақавий коммуникация йўлларини хавф остига қўйиши ва глобал иқтисодиётни бўғиши эҳтимоли юқори. Агар шу сценарий чуқурлашса, охир-оқибат Вашингтоннинг ўзи ҳам босим сиёсати чекланганини тан олишга мажбур бўлиши мумкин.