КОМИССИЯ УЧУН ҚУРИЛГАН МАКТАБ
Ангор туманидаги замонавий шарт-шароитли деб тарғиб қилинаётган 12-мактабда лифт, компьютер ва қуёш панеллари каби имкониятлардан доимий фойдаланилмаётгани, йўқолган ускуналар ва очиқ қолган саволлар ҳақида.
Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги 12-мактаб учун уч қаватли замонавий ўқув бинолари қурилди. Бинода лифт, ички ҳожатхоналар ва бошқа қулайликлар, ҳатто лифт ҳам мавжуд. Бир қарашда таълим учун барча шароит яратилгандек.
Аммо Элтузарга келиб тушган маълумотларга кўра, бу қулайликлардан ўқувчи ва ўқитувчилар доимий фойдалана олмаяпти. Айрим имкониятлар мактабга комиссия келгандагина ишга туширилади.
Бу мактаб ўқувчилар учун қурилганми ёки комиссияга кўрсатиш учунми? Мактабдаги компьютерлар ишламайди. Замонавий таълим ҳақида бонг урилаётган бир пайтда янги мактабда компьютерлардан фойдаланиш имконияти бўлмаса, рақамлаштириш ҳақидаги гаплар қанчалик асосли?
Бундан ташқари, мактабга ўрнатилган қуёш панелларидан бири жойида кўринмайди. Панел қаерда? Бошқа жойга кўчирилганми ёки умуман сотиб юборилдими?
Мактаб балансида бўлиши керак трактор қаерда? Мурожаат муаллифининг билдиришича, ушбу техникани шу пайтгача ҳеч ким кўрмаган. Агар трактор ҳақиқатан мактаб балансида бўлса, у қаерда сақланмоқда ва қандай мақсадларда ишлатиляпти?
Саволлар кўп. Жавоблар эса ҳозирча йўқ. Ангор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасидан ушбу ҳолатларга расмий муносабат билдиришни сўраймиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг