Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Қиличмозор маҳалласида яшовчи 69 ёшли Азимова Айтути Хайдаровна икки йилдан буён уй-жой масаласида сарсон бўлаётганини айтиб, Элтузарга мурожаат қилди.

Онаxоннинг билдиришича, 2012 йилда қўшнилари Бойматова Қумрихон ва Бойматов Ихтиёрдан 10 сотихли уй-жойни 5 минг АҚШ долларига сотиб олган. Пул гувоҳлар иштирокида берилган, маҳалла томонидан далолатнома тузилган, сотувчилар тилхат ёзиб, уйни кейинчалик харидор номига расмийлаштиришга ваъда қилган.

Бироқ 2025 йилда уй-жой сотувчилар номига кадастрдан ўтказилгани маълум бўлди. Бу жараёнда собиқ суд ходими бўлган адвокат Тожибоева Барчиной иштирок этган.

Қизиғи, онахон маҳаллада кадастрлаш навбати 2028 йилга белгиланганини таъкидлади. Энди эса Хўжаобод туман судидаги иш натижасида онахонни уйдан чиқариш масаласи кўтарилди. Суд жараёни онахон тегишлича хабардор қилинмаган ҳолда ўтган.

Хўш, 2012 йилда тўланган 5 минг доллар, тилхат, маҳалла далолатномаси ва гувоҳлар масаласи нима бўлади? Нега уй-жой 2025 йилда айнан сотувчилар номига расмийлаштирилган? Суд бу далилларни қандай ўрганган ўзи?

«Қонун, қарорлар фақат камбағалларга зуғм қиладими?» — дея савол бермоқда 69 ёшли онахон.

Бу масалага Андижон вилояти прокуратураси, Кадастр агентлиги ва тегишли суд идоралари аниқлик киритиши зарур. Хусусан, кадастр ҳужжатларининг расмийлаштирилиш асослари, судда тарафларни хабардор қилиш тартиби ва тақдим этилган далилларнинг ҳуқуқий жиҳатдан ўрганилгани юзасидан очиқ тушунтириш берилсин.

14 йил аввал пул тўлаб, уйни ўзиники деб билган 69 ёшли онахон энди қаерга бориши керак?