АНДИЖОННИНГ 6-СОН ТЕХНИКУМИДА ЎЛИК ЖОНЛАР НЕЧТА?
Андижон шаҳар 6-сон техникумида педагоглар сони, дуал таълимдаги ўқувчилар улуши ва директор томонидан пул йиғилиши борасида саволлар кўпаяпти. Муассасада ҳақиқатан неча ўқитувчи ишлайди ва давлат ажратган маблағлар қандай сарфланяпти?
Андижон шаҳар 6-сон техникумида педагоглар сони, молиявий шаффофлик ва раҳбарият фаолияти юзасидан жиддий шубҳалар ортиб боряпти.
Андижон вилояти ҳокимлигининг расмий Telegram каналида техникумда 632 нафар ўқувчига 75 нафар педагог таълим бераётгани хабар қилинади. Бироқ муассаса ходимларининг айтишича, ўқувчиларнинг қарийб 70 фоизи дуал таълим шаклида таҳсил олади.
Техникум ходимларининг билдиришича, муассаса директори Раъно хоним вилоят касбий таълим бошқармаси бошлиғи Наргиза Абдупаттаеванинг Беларусьга расмий делегация таркибида бориши муносабати билан ҳар бир техникум директоридан 500 минг сўмдан йиғиш кераклигини уқтирган.
Шунингдек, «Яшил макон» тадбирлари, байрамлар, йиғилишлар ва бошқа ташкилий эҳтиёжлар учун ҳам педагоглардан пул йиғилади.
Хўш, давлат ташкилотлари раҳбарларининг хорижий хизмат сафарлари харажатлари нега таълим муассасалари ходимлари ҳисобидан қопланиши керак? 75 нафар педагог ҳақиқатан ҳам техникумда ишлайдими ўзи?
Уларнинг штат бирликлари, меҳнат шартномалари ва дарс юкламалари мавжудми? Ушбу ҳолатлар Таълим ва илм-фан вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилиши зарур.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг