“ФЕРМЕРЛАР ТАЖРИБА ҚЎЁНЧАСИ ЭМАС”
Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш мақсадида жорий этилган “AgroPortal” дастури фермерлар учун енгиллик эмас, қатор муаммоларни келтириб чиқарди: қиммат уланиш, тушунарсиз интерфейс, техник қўлловнинг ишламагани ва тўловларда узилишлар ҳосилга таҳдид солмоқда.
Сўнгги пайтларда қишлоқ хўжалиги тизимида жорий этилаётган янгиликлар фермерлар учун кутилган енгиллик эмас, аксинча янги муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, “AgroPortal” дастури орқали барча молиявий операцияларни мажбурий тарзда амалга ошириш тартиби амалиётда кўплаб савол ва норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Албатта, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш – бугунги кун талаби. Аммо бу жараён пухта ўйланган, босқичма-босқич ва энг муҳими, фойдаланувчилар учун қулай тарзда жорий этилиши лозим эди. Афсуски, амалда бунинг акси кузатилмоқда.
Аввало, “AgroPortal” тизимига уланиш учун ҳар бир фермердан 685 000 сўм миқдорида тўлов талаб этилмоқда. Бу эса аллақачон молиявий босим остида фаолият юритаётган фермерлар учун ортиқча юк бўлиб тушмоқда.
Шунингдек, фермерларнинг катта қисми ёши улуғ инсонлардан иборат бўлиб, мураккаб ва етарлича тушунтирилмаган дастур билан ишлаш улар учун жиддий қийинчилик туғдирмоқда. Оддий амалиётларни бажариш ҳам кўпинча муаммога айланмоқда.
Техник хизмат кўрсатиш гуруҳлари ташкил этилган бўлса-да, амалда улар орқали муаммоларни ҳал этиш деярли имконсиз. Мурожаатлар сонининг кўплиги сабаб фермерлар муаммолари на ўз вақтида эшитилмоқда, на ечим топмоқда.
Энг ачинарлиси, дастур ҳали тўлиқ иш фаолиятига тайёр эмас. Шунга қарамасдан, банк тизими бошқа муқобил йўл йўқлигини билдириб, барча молиявий операцияларни айнан “AgroPortal” орқали амалга оширишни талаб қилмоқда. Натижада фермерлар ёқилғи, уруғлик ва минерал ўғит каби зарур ресурсларни ўз вақтида харид қила олмаяпти.
Яна бир жиддий муаммо – электр энергияси учун тўловларни амалга ошириш имкониятининг йўқлиги. Маълумки, кўплаб фермер хўжаликлари суғоришда насослардан фойдаланади. Агар электр учун тўлов қилиш имкони бўлмаса, эртага ҳосилни қандай етиштириш мумкин?
Энг муҳим агротехник давр – пахта ва ғалла парвариши қизғин кечаётган бир пайтда бундай тизимни жорий этиш фермерларни мушкул аҳволга солаётгани очиқ кўринмоқда.
Шу ўринда ўринли савол туғилади: нега бу тизим жорий этилишидан олдин фермерларга етарлича тушунтириш ишлари олиб борилмади? Нега дастур тўлиқ синовдан ўтказилмасдан амалиётга киритилди?
Бугунги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, яхши ният билан бошланган бу ташаббус амалиётда фермерлар учун жиддий муаммога айланмоқда. Айни пайтда қилинган бундай шошма-шошар қарорлар уларни ортиқча оворагарчиликка дучор этмоқда.
Мутахассислар фикрича, масъул ташкилотлар – “Агробанк” раҳбарияти ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур муаммоларга тезкор ва аниқ ечим топиши зарур. Акс ҳолда, бу ҳолат нафақат фермерлар фаолиятига, балки умумий ҳосилдорликка ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳозирча эса фермерларни бир савол қийнамоқда: мавжуд тизим шароитида улар эртанги ҳосилни қандай сақлаб қолади?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг