1 НОЯБРДАН ЎЗБЕКИСТОНДА НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ?
1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда коммунал хизматлар, электр ва газ таъминоти, шаҳарсозлик, реклама, логистика ҳамда халқаро сафарлар соҳаларида янги тартиблар жорий этилади. Улар аҳоли учун шароит яратиш ва тадбиркорликда шаффофликни оширишни кўзлайди.
Ноябрь ойи ўзбекистонликлар бир қатор яхши ва ёмон янгилик ва ўзгаришлар билан бошланмоқда. 1 ноябрдан коммунал хизматлар, электр энергияси ва табиий газ таъминоти, шаҳарсозлик, реклама, логистика ҳамда халқаро сафарларга оид янги тартиблар кучга кириши белгиланган. Айрим ўзгаришлар аҳоли учун қулайлик яратишга, бошқалари тадбиркорлик фаолиятини соддалаштириш ва соҳаларда шаффофликни оширишга қаратилган.
Қиш мавсуми арафасида аҳолини қизиқтираётган масалалардан бири — иситиш ва иссиқ сув тарифлари. Тошкент шаҳрида ушбу хизматлар нархини ошириш бўйича таклиф илгари сурилган. Лойиҳага мувофиқ, иситиш хизматининг бир квадрат метр учун бир кунлик нархи 241,4 сўмдан 314 сўмга, иссиқ сувнинг бир куб метр учун тарифи эса 8 928,7 сўмдан 11 607 сўмга оширилиши мумкин.
Ҳисоблагичи бўлмаган хонадонларда бир киши учун ойлик тўлов 45 330 сўм этиб белгиланиши таклиф қилинган. Шунингдек, иссиқлик энергиясининг бир гигакалорияси учун тарифни 206 636 сўмгача ошириш режалаштирилган. Бироқ бу ўзгаришлар ҳозирча таклиф сифатида илгари сурилган бўлиб, лойиҳа жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмқда.
Янги қоидаларнинг муҳим жиҳатларидан бири тадбиркорлик субъектларига берилаётган енгилликлардир. 1 ноябрдан электр энергияси ва табиий газни автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимига уланган, ҳисоблагичлари масофадан туриб узиш ва қайта улаш имкониятига эга корхоналар учун ойлик олдиндан тўлов миқдори 15 фоизга туширилади.
Бу орқали корхоналарнинг айланма маблағларига тушадиган молиявий юкни камайтириш кўзда тутилган. Бироқ сўнгги икки ойда тўлов интизоми талаб даражасида бўлмаган тадбиркорлар мазкур имтиёздан фойдалана олмайди.
Шунингдек, автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимидан фойдаланувчи корхоналарнинг ресурслар истеъмоли бўйича ҳудудий таъминот ташкилотларига ёзма ҳисобот тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади. Электр энергияси ва газ етказиб бериш шартномалари ҳам электрон шаклга ўтказилади. Бу ортиқча қоғозбозликни қисқартириш ва ҳисоб-китобларни рақамлаштиришга хизмат қилади.
Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш механизми ҳам ўзгаради.Эндиликда газни харид қилиш ва етказиб бериш алоҳида биржа платформаси орқали ташкил этилади. Мазкур тартиб таъминот жараёнида шаффофликни таъминлаш, ресурсларни тақсимлаш ва етказиб бериш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида аҳолига 398 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилган.
1 ноябрдан шаҳарсозлик ҳужжатлари билан ишлашда ҳам янги тартиб жорий этилади. Мастер-режаларнинг ягона электрон реестри шакллантирилиб, ҳужжатлар расман рўйхатдан ўтказилганидан кейингина улар асосида лойиҳаларни амалга ошириш мумкин бўлади.
Бош режа тасдиқланганидан кейин уч ой ичида ҳудудни уч йилдан беш йилгача бўлган даврда ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиши шарт. Унда молиялаштириш манбалари, амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва уларнинг муддатлари аниқ кўрсатилади.
Эътиборли жиҳати, маҳаллий Кенгашлар ушбу дастурларнинг бажарилишини назорат қилади, амалга оширилган ишлар ҳақидаги маълумотлар эса оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Бу шаҳарсозлик жараёнларида очиқлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Телефон орқали келадиган кераксиз реклама қўнғироқлари ва хабарлари ҳам энди қатъийроқ тартибга солинади. Янги қоидаларга кўра, рекламавий SMS-хабар юборишдан олдин фойдаланувчининг розилигини олиш талаб этилади.
Бундан ташқари, соат 18:00 дан 09:00 гача рекламавий қўнғироқлар ва хабарлар юбориш тақиқланади. Фуқаролар мобил алоқа операторларидан бундай қўнғироқ ва хабарларни тўлиқ ёки қисман блоклашни ҳам сўрашлари мумкин.Бу ўзгаришлар, аввало, абонентларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаш, уларни ортиқча рекламадан ҳимоя қилишга қаратилган.
Кексалар учун ҳам ноябрь ойида қулай имконият яратилади. 1 ноябрдан 30 ноябрга қадар ёшга доир пенсия олувчи фуқаролар мамлакат ичида қатновчи поездларга чипталарни 20 фоиз чегирма билан харид қилишлари мумкин.
Ушбу имтиёз 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга татбиқ этилади.
Чегирма чиптанинг тариф қисмига қўлланади, «Афросиёб» тезюрар поездлари бундан мустасно. Чипталарни темир йўл кассалари ёки интернет орқали харид қилиш мумкин.
Транспорт ва логистика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун ҳам қатор имтиёзлар белгиланмоқда. Жумладан, курьерлик хизматлари орқали етказиладиган халқаро почта жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш йиғими 20 фоизга камайтирилади.
Шунингдек, логистика марказлари учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган айрим ускуналар ва эҳтиёт қисмларни 2029 йил 1 августга қадар божхона божи ҳамда мажбурий сертификатлашдан озод этилган ҳолда олиб кириш имконияти яратилади. Транспорт воситалари ишлаб чиқарувчилар учун ҳам шунга ўхшаш имтиёзлар белгиланган.
Бундан ташқари, 2030 йил охирига қадар логистика марказлари Транспорт вазирлигининг E-logistika рақамли платформасига уланиши керак. Бу соҳада ягона рақамли маълумотлар тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Ноябрь ойидан халқаро сафарлар билан боғлиқ тартибларда ҳам ўзгаришлар кутилмоқда. Хусусан, Мисрга борувчи Ўзбекистон фуқаролари учун виза расмийлаштириш ва мамлакатга кириш талаблари қатъийлаштирилиши ҳақида маълумот берилган. Қозоғистон эса электрон рухсатнома тизимини босқичма-босқич жорий этишни бошлайди.
Мисрга сафар қилишда айрим тоифадаги фуқаролар учун олдиндан виза олиш, аккредитациядан ўтган туроператорлар орқали сафарни ташкил этиш, молиявий имкониятни тасдиқлаш ва меҳмонхона брон қилингани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этиш каби талаблар назарда тутилган. Бу борада сафардан олдин расмий консуллик ва туроператорлар маълумотларини текшириш муҳим.
Қозоғистонда эса электрон рухсатнома тизими дастлаб айрим аэропорт ва автомобиль ўтказиш пунктларида синов тариқасида ишга туширилади. 2027 йил 1 июлдан рухсатнома олиш мажбурий бўлиши режалаштирилган. Ариза сафардан камида 72 соат олдин электрон платформа орқали юборилиши керак.
Кўриниб турибдики, 1 ноябрдан бошлаб жорий этилиши белгиланган ўзгаришлар кундалик ҳаётнинг турли жабҳаларини қамраб олади. Бир томондан, коммунал хизматлар тарифларини қайта кўриб чиқиш масаласи кун тартибига чиқмоқда. Иккинчи томондан, тадбиркорлар учун тўлов ва ҳисобот жараёнларини соддалаштириш, логистика соҳасини қўллаб-қувватлаш, шаҳарсозликда рақамлаштириш ва аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг