Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Чирчиқ шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Нурбек Сафаровга ва шаҳар ички ишлар органларига 500 миллион сўм пул мукофоти берди. Ҳаммага кўз-кўз қилиб топширди тантанали равишда. Зойир Мирзаев пиарига хизмат қилувчи бу саҳнани вилоят ҳокимининг матбуот хизматидагилар фото ва видеога шириқ-шириқ қилиб олиб туришди.

Кейин эълон қилишди. Видеоси ҳам бор. (Элтузар тармоққа жойласа дарров шикоят қилиб, олдириб ташлашга уринишади. Кўрмоқчи бўлганлар топиб олишсин)

Аммо бизни қизиқтирган нарса бошқа: Зойир Мирзаев бу 500 миллион сўмни кимнинг ҳамёнидан берди? Ўзининг шахсий маблағиданми? Ёки халқ тўлаган солиқларданми?

Жаноб Мирзаев, биламиз, мулозимларни кесак кўтартириб қўйиб, иштонингизга сийиб қўйганингиздан кейин, матбуот билан ўйнашиб бўлмаслигини тушуниб етгансиз ва атрофингизга бир тўда алоқи ва ювиндихўр журналюгаларни тўплаб олгансиз. Пиарни додасини қиласиз доим. Аммо, унутманг, давлат бюджети сизнинг шахсий ҳамёнингиз эмас ёки отангиздан мерос қолмаган. Ҳоким давлат маблағини минбарда туриб, кайфиятига қараб бир идорага ёки бир амалдорга “мукофот” қилиб улашадиган саховатпеша бойвачча ҳам эмас.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ички ишлар ходимларини пул билан рағбатлантириш ички ишлар тизимидаги ваколатли раҳбарларнинг буйруғи билан расмийлаштирилади. Вилоят ҳокими эса ички ишлар ходимларига шахсий пул мукофоти тайинлайдиган мансабдорлар рўйхатида йўқ. Агар ҳарф танисангиз, бу ҳақдаги йўриқнома ва қоидаларни яхшилаб ўрганиб чиқинг.

Тўғри, ички ишлар органларига моддий-техника ёрдами ажратиш мумкин бўлиши мумкин. Лекин бунинг учун ҳам ҳокимнинг оғзаки ваъдаси эмас, қонуний қарор, аниқ маблағ манбаси, тасдиқланган смета, бюджет таснифи ва ғазначилик ҳужжатлари керак.

Шунинг учун Зойир Мирзаев ўртага чиқиб жамоатчиликка қуйидагиларни тушунтириб қўйсангиз:

500 миллион сўм кимга берилди – Нурбек Сафаровнинг ўзигами ёки алоҳида ходимларгами ёки ИИБнинг моддий-техника таъминотигами?

Маблағ қайси бюджетдан олинди?

Бу пул вилоят бюджетининг қайси харажат моддасида назарда тутилган?

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши бунга розилик берганми?

Иқтисодиёт ва молия органининг хулосаси борми?

Мукофотлаш бўйича Тошкент вилояти ИИББ ёки Ички ишлар вазирлигининг буйруғи чиқадими?

Ёки бу ҳам Зойир Мирзаевнинг одатий “оғзаки топшириқ” сиёсати бўлиб, кейин амалдорлар давлат бюджетидан унга ҳуқуқий либос тикиб беришадими?

Зойир Мирзаев! Сизга бепул маслаҳат беряпмиз, яхшилаб билиб олинг: халқнинг 500 миллион сўми саҳнада қарсак олиш, куч ишлатар идораларга хушомад қилиш ёки шахсий обрў тўплаш учун сарфланмайди.

Агар ички ишлар ходимлари ҳақиқатан ҳам муносиб хизмат қилган бўлса, улар қонун доирасида рағбатлантирилсин. Лекин бу жараён шаффоф, асосланган ва ваколатли орган қарори билан амалга оширилиши шарт.

Мирзаевнинг “Мана мен беряпман,” деган услубда давлат маблағини тақсимлаши -Худоёрхон давридан қолган феодал тафаккур белгисидир.

Бугун Мирзаев 500 миллион сўм ИИБга “мукофот” берса, эртага бошқа вилоят ҳокими ўзининг кўнглига ёққан прокурорга, солиқчига ёки бошқа амалдорга бюджетдан миллиард улашиши мумкин.

Бюджет маблағлари мансабдорларнинг бир-бирига совға тарқатиши учун йиғилмайди. Бу пулда ўқитувчининг маоши, беморнинг дориси, боланинг мактаби ва аҳолининг йўли бор.