ЗОЙИР МИРЗАЕВ, ФАРОСАТ ДАРСИНИ ҚЎЙИБ, 500 МИЛЛИОННИНГ ҲУЖЖАТИНИ КЎРСАТИНГ!
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев журналист саволларига ҳужжатлар билан эмас, киноя билан жавоб бергани танқид қилинмоқда. Материалда 500 млн сўм бюджет маблағининг аниқ ҳуқуқий асослари ва сарфи бўйича очиқ ҳисобот талаб этилади.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Элтузарнинг саволларига ҳужжат билан эмас, кесатиқ билан жавоб берибди:
“Маданиятли сўзларингизга қойил қолдим», «устозингизга раҳмат», «коммент ёзганларнинг фаросатига тасанно”, дебди.
Жаноб Мирзаев, сиздан фаросатимизга баҳо беришни эмас, халқнинг 500 миллион сўми бўйича ҳисоб беришни сўраган эдик.
Сизни маънавият муаллими эмас, бюджет маблағларига жавобгар ҳоким қилиб тайинлашган. Шунинг учун гапни айлантирмай, аниқ ҳужжатларни кўрсатинг.
“Депутатлар билан келишилган” деган жумланинг ўзи ҳуқуқий ҳужжат эмас.
Қайси депутатлар билан? Қайси мажлисда? Қайси санада? Қарорнинг рақами неччи?
Овоз бериш баённомаси қаерда? 500 миллион сўм бюджетнинг қайси манбасидан ва қайси харажат моддасидан ажратилади?
Пул ИИБ бошлиғига мукофот сифатида бериладими, ходимларга тарқатиладими ёки “Хавфсиз шаҳар” дастури доирасида техника ва инфратузилмага сарфланадими?
Агар бу маблағ сайлгоҳдаги ишларни “такомилига етказиш” учун ажратилса, нега саҳнада у ички ишлар органларига мукофот сифатида тақдим этилди?
“Президентнинг 2026 йил январдаги биринчи сонли қарорлари” деган жумлангиз ҳам жавоб эмас. Президент ҳужжатининг тўлиқ номи, рақами, санаси ва айнан 500 миллион сўм ажратишга асос бўлган бандини эълон қилинг.
Давлат бошқаруви “мен айтдим, депутатлар овоз беришди – пул берилди” деган уч оғиз гапдан иборат эмас.
Сиз оғзаки топшириқларни давлат бошқаруви усулига айлантиришнинг оқибати қандай бўлишини бошқалардан кўра яхшироқ билишингиз керак.
Халқ сизнинг иштонингизга кака қилиб қўйганингизни ҳали унутгани йўқ: Устозингиз Абдулла Ариповга ўринбосар бўлиб юрган пайтингизда мулозимларни сув тўла ариққа тушириб, тош кўтартирган, кейин югуртирган эдингиз. Ўшанда ҳам сизга қонун, инсон қадри ва мансабдорлик маданиятидан кўра шоу қилиш муҳимроқдек кўринган эди.
Ўшанда матбуот кучини тушуниб, атрофингизга дорни тагидан қочган, муттаҳам ва коррупционер журналистларни йиғиб олдингиз ва ўзингизни реклама қилишга ўтдингиз. Минбар, қарсак, камералар…
Аммо сизда фақат декорация ўзгарган. Бошқарув услубингиз ўша-ўша: аввал томоша кўрсатасиз, танқид нишонига айлангач, ҳужжат излашга тушасиз. Жуда бўлмаса, журналюга итларингиз ва тролларингизга “фас” дейсиз. Уларга ким орқали ва қанча пул ажратишингизни ҳам жуда яхши биламиз.
Қизиғи, ўша қилмишингиздан кейин давлат бошқарувидан четлаштирилиш ўрнига, аввал чекка туманга ҳоким қилиб юборилдингиз, кейин эса Тошкент вилоятидек улкан ҳудуд сизга ишониб топширилди. Шундан кейин сизда “нима қилсам ҳам, барибир лавозимим ўсаверади” деган сиёсий ишонч пайдо бўлган бўлса, бунга жамоатчилик айбдор эмас.
Лекин бир нарсани унутманг: лавозим ошгани сари ҳисобдорлик ҳам ошади.
Элтузарнинг услуби сизга ёқмаслиги мумкин. Коммент ёзган фуқароларнинг фаросати ҳам дидингизга тўғри келмаслиги мумкин. Аммо бу ҳолат сизга бюджет ҳақидаги саволлардан қочиш ҳуқуқини бермайди.
Ҳокимнинг вазифаси журналистга тарбия дарси бериш эмас. Ҳокимнинг вазифаси халқ пули қаерга, нима учун ва қайси ҳужжат асосида сарфланаётганини очиқ тушунтиришдир.
Шунда жамоатчилик ҳам кимда маданият, кимда фаросат ва кимда давлат маблағини ҳаржашда масъулият борлигини ўзи баҳолайди.
Ҳозирча эса сизнинг жавобингиздан битта нарса аниқ бўлди:
500 миллион сўмнинг ҳужжати ҳали кўрсатилмади, аммо журналистларга ва фуқароларга киноя қилишга вақт топилди.
Зойир Мирзаев, халқнинг пули ҳақида савол бериш фаросатсизлик эмас.
Халқнинг пулини ўзингиз бераётгандек саҳналаштириш ҳақиқий сиёсий фаросатсизликдир.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг