Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин билан Туркияда учрашишга тайёрлигини билдирди. Унинг айтишича, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бундай мулоқотни ташкил эта олса, Киев таклифни мамнуният билан қабул қилади.

Зеленский бу ҳақда CNN Türk телеканалига берган интервьюсида айтди. У Эрдўғаннинг АҚШ президенти Дональд Трамп ва Путин билан муносабатлари дипломатик жараёнга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлади.

Украина раҳбари 31 октябрь куни Истанбулда Эрдўған билан музокара ўтказган. Учрашувда урушни тугатишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатлар, Қора денгиздаги хавфсизлик ва Туркияда раҳбарлар даражасида мулоқот ташкил этиш имконияти муҳокама қилинган.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина учун эҳтимолий саммитдаги асосий масала — шартсиз ва тўлиқ ўт очишни тўхтатиш ҳамда унга риоя этилишини назорат қилувчи самарали механизм яратиш. Кейинги босқичларда хавфсизлик кафолатлари, мамлакатни тиклаш ва урушни тугатиш йўл харитаси муҳокама қилиниши керак.

У Киев Россия босиб олган ҳудудларни, жумладан Қримни Россияники деб тан олмаслигини ҳам такрорлади. Зеленский бундай қарор Украина Конституцияси ва жамият иродасига зид бўлишини айтди.

Бироқ Зеленскийнинг баёноти учрашув бўйича келишувга эришилганини англатмайди. Ҳозирча унинг санаси ва формати эълон қилинмаган, Путиннинг Туркиядаги эҳтимолий учрашувда иштирок этиши ҳам тасдиқланмаган.