Тошкент вилояти Зангиота туманида сув қувурларини ётқизиш учун бузилган тротуарлар уч-тўрт йилдан бери тикланмаётгани айтилмоқда. Оқибатда аҳоли пиёдалар йўлагидан фойдалана олмай, автомобиллар қатнайдиган катта йўл четидан юришга мажбур бўлмоқда.

Бу ҳақда Ўрта овул ҳудудидаги Обод турмуш ва Абдужалилбоб маҳаллалари аҳолисидан Элтузарга мурожаат келиб тушди. Мурожаатга муаммоли ҳудуд акс этган видео ҳам илова қилинган.

Кадрларда катта йўл бўйидаги тротуарларнинг айрим қисмлари қазилгани, йўлаклар нотекис ҳолатга келиб қолгани ва пиёдалар ҳаракатланиши учун деярли яроқсиз экани кўринади.

«На сув бор, на тротуар қолган» — маҳаллий аҳоли вазиятни шундай таърифламоқда. Элтузарга юборилган видеони томоша қилинг.

Мурожаат муаллифининг айтишича, сув қувурларини ўтказиш жараёнида тайёр тротуарлар бузилган. Бироқ ишлар якунланганидан кейин йўлаклар қайта тикланмай, шу ҳолича ташлаб кетилган.

«Айниқса, Шодлик тўйхонаси атрофи ва йўлнинг нариги томонида одам юриб бўлмайди. Одамлар тротуардан юра олмай, катта машиналар қатнайдиган йўл четидан юришга мажбур. Бу жуда хавфли», — дейилади мурожаатда.

Аҳолининг иддаосича, ўтказилган сув қувурлари ҳам талабга жавоб бермаган ва ҳудудга сув етиб келмаган. Натижада, мурожаат муаллифи таъбири билан айтганда, «на сув бўлган, на йўл қолган».

Маҳалла аҳолиси сув таъминоти ташкилоти ва Зангиота тумани ҳокимлигидан ўзаро келишган ҳолда бузилган тротуарларни тиклаш, йўл четларини текислаш ҳамда пиёдалар учун хавфсиз шароит яратиб беришни сўрамоқда.

Элтузар Зангиота тумани ҳокимлиги ва масъул сув таъминоти ташкилотидан ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат кутади.