МИРИШКОРДАГИ МАДАНИЯТ ВА ИСТИРОҲАТ БОҒИДА ҲОЖАТХОНА ЙЎҚ
Миришкор тумани марказидаги Маданият ва истироҳат боғида йиллар давомида бирорта ҳам ҳожатхона ва чиқинди қутилари мавжуд эмас. Аҳолининг такрорий мурожаатларига қарамай, муаммога ҳалигача ечим топилмаган.
Қашқадарё вилояти Миришкор тумани марказида кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган Маданият ва истироҳат боғида бирорта ҳам ҳожатхона йўқ.
Элтузарга йўлланган мурожаатда таъкидланишича, бу муаммо юзасидан туман ҳокимлиги ва масъулларга бир неча бор мурожаат қилинган, аммо йиллар давомида масала ечимсиз қолмоқда. Боғга келганлар ҳожат учун пана-пасқам овлоқ жой қидириши керакми шунда?
Ўзи шундай ҳам бўляпти. Ҳожатхона йўқлиги сабабли боққа ташриф буюрувчилар ноилож ҳудуднинг турли жойларини «ўғитлантиришяпти». Қолаверса, боғда чиқинди ташлаш учун махсус қутилар ҳам мавжуд эмас.
Аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган масканда энг оддий санитария шароитлари яратилмаганини қандай изоҳлаш мумкин?
Маданият ва истироҳат боғи, аввало, ўз номига муносиб бўлиши керак.
Миришкор тумани ҳокимлигидан бу ҳолатга муносабат билдириш, боғ ҳудудида эркаклар ва аёллар учун замонавий ҳожатхоналар қуриш ҳамда чиқинди қутиларини ўрнатиш чораларини кўришни талаб қиламиз. Бир ҳожатхонани ҳам ўзингиздан билиб қуролмайсизларми, муҳтарамлар?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг