ҚЎҚОНДА «AYVA BURGER» ЕМАКХОНАСИ ШАҲВОНИЙ ШИЛҚИМЛИККА УЧРАГАН ХОДИМИНИ ИШДАН БЎШАТДИ
Қўқон шаҳридаги «Ayva Burger»да тунги сменада ишлаган аёл мижознинг шаҳвоний шилқимлигига қаршилик қилгани учун ишдан бўшатилгани айтилмоқда. Унга фақат 23 кунлик меҳнати учун 684 минг сўм тўлангани, меҳнат шартномалари расмийлашмагани иддао қилинди.
Яна жабрланувчи «айбдор», яна бир бор жабрланувчи жазоланди. Қўқон шаҳридаги «Ayva Burger» умумий овқатланиш тармоғида оператор бўлиб ишлаган 40 ёшли аёл Элтузарга мурожаат йўллади.
Мурожаатда айтилишича, аёл 1 ноябрдан бошлаб икки нафар ўғлининг олий таълим муассасасидаги тўлов-контрактини тўлаш мақсадида тунги сменада ишлаб келган.
23 ноябрь куни тонгги соат 04:00 атрофида хизмат телефонига қўнғироқ қилган мижоз аёлга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилиб, уни ҳақоратлаган. Аёл бунга қатъий норозилик билдирган.
Унинг таъкидлашича, корхона раҳбарияти ходимининг шаънини ҳимоя қилиш ўрнига, ундан мижоздан кечирим сўрашни талаб қилган. Аёл бундан бош тортгач, ўша куни ишдан бўшатилди. Мижоз шу аёлни зўрласа ҳам индамай томоша қиладими бу емакхона эгалари?
Аёлнинг 23 кунлик меҳнат учун атиги 684 минг сўм иш ҳақи тўланди. Бургерхона асли ходимлар билан расмий меҳнат шартномалари тузилмайди, ходимларнинг тиббий дафтарчалари мавжуд эмас. Энди текширувдан қўрқиб бир-икки кунда бу ҳужжатлар ҳаводан пайдо бўлиб қолиши кутилмоқда.
Наҳотки, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилган аёл ўзига шилқимлик қилган мижоздан кечирим сўраши керак бўлса?
Давлат меҳнат инспекцияси, солиқ ва санитария-эпидемиология органларидан бу ҳолатларни ўрганиш ҳамда уларга ҳуқуқий баҳо беришни сўраймиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг