ЗУМЕРЛАР ДУНЁ СИЁСАТИНИ ЎЗГАРТИРМОҚДАМИ?
Непалдан Франциягача бўлган давлатларда Z авлоди бошчилигидаги норозиликлар коррупцияга қарши кураш, ижтимоий адолат ва шаффофликни талаб қилмоқда. Ёшлар ҳаракатлари дунё сиёсий манзарасини ҳақиқатан ҳам ўзгартира оладими?
2025–2026 йилларда дунёнинг турли мамлакатларида ёшлар бошчилигидаги норозилик намойишлари сиёсий жараёнларнинг муҳим омилига айланди.
Непал, Мадагаскар, Кения, Сербия, Болгария ва Францияда кузатилган оммавий чиқишлар Z авлодининг сиёсий фаоллиги тобора ортиб бораётганини кўрсатяпти.
Намойишчиларнинг асосий талаблари коррупцияга қарши курашиш, ижтимоий адолатни таъминлаш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва давлат бошқарувида шаффофликни кучайтиришга қаратилган.
Айрим мамлакатларда ёшлар иштирокидаги норозиликлар ҳукумат истеъфоси ва сиёсий ўзгаришларга олиб келган. Бошқа давлатларда эса намойишлар ҳукуматларга нисбатан жамоатчилик босимини кучайтирмоқда.
Бу ҳаракатларнинг ўзига хос жиҳати – Z авлодининг ижтимоий тармоқлар ёрдамида қисқа вақт ичида минглаб одамларни сафарбар эта олишидир. Ёшлар анъанавий сиёсий партиялардан мустақил равишда ҳам оммавий ҳаракатларни ташкил этишяпти.
Европада, хусусан, Франция, Сербия ва Болгарияда кузатилаётган норозиликлар фонида муҳим савол: хўш, ёшлар ҳаракатлари сиёсий ҳокимият алмашинувига қанчалик таъсир кўрсата олади?
Z авлоди бошлаган норозиликлар дунёда янги сиёсий давр бошланаётганидан дарак берадими ёки бу ҳаракатлар вақтинчалик ижтимоий норозилик тўлқини бўлиб қоладими?
Кўплаб мамлакатлар бошқарув бўғинларини бумерлар эгаллган. Ҳолбуки бошқарувга лаёқатли 35-40 яшар қатлам четда қоляпти.
Норозиликлар ёш авлод ва тепада ўтирганлар орасидаги бўшлиқдан пайдо бўлдими? Намойишлар бирор натижа берадими? Бу саволга жавоб мамлакатлардаги сиёсий жараёнлар қандай ривожланишига боғлиқ. Кузатамиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг