Фарғона вилояти Ёзёвон туманида ўз хонадонида пул эвазига жинсий алоқа қилиш учун шароит яратиб берган аёл қўшмачиликда айбли деб топилди.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг 2026 йил 24 июндаги ҳукмига кўра, Л.Ж Жиноят кодексининг 131-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.

Суд ҳужжатида келтирилишича, 2026 йил 13 март куни Ёзёвон туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан «Хавфсиз ва соғлом юрт – 2026» тадбири доирасида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида Л.Ж. Ёзёвон тумани «Баҳор» маҳалласидаги ўзи яшаб турган хонадонда махсус харидор ва бошқа бир аёлнинг жинсий алоқа қилиши учун шароит яратиб бергани аниқланган.

Ҳукмга кўра, у хонадонни тақдим этгани учун 150 минг сўм, жинсий алоқа қилиш учун чақирилган аёлга бериш мақсадида яна 150 минг сўм – жами 300 минг сўм олган вақтда ушланган.

Пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган. Судда тезкор тадбир баённомалари, фотосуратлар, гувоҳларнинг кўрсатувлари, телефон суҳбатлари ёзуви ва суд-кимёвий экспертиза хулосаси далил сифатида ўрганилган.

Л.Ж. судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган. У турмуш ўртоғи билан 2022 йилдан бери бирга яшамаслиги, икки нафар вояга етмаган фарзандини ёлланма меҳнат орқали таъминлаб келаётганини айтган.

Судланувчи ва унинг адвокати дастлабки тергов босқичида айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузишни сўраган. Ёзёвон туман прокурори 2026 йил 25 май куни мазкур илтимосномани қаноатлантирган, суд эса келишувни тасдиқлаган.

Суд жазо тайинлашда Л.Ж.нинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, қарамоғида икки нафар фарзанди борлиги ва жиноят оқибатида моддий зарар етказилмаганини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаган.

Жиноятнинг ғаразли ва паст ниятда содир этилгани жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қайд этилган.

Суд Л.Ж. иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан бир йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

Аёл қамағда эмас, уйида ахлоқ тузатяпти.