Элтузар таҳририятига Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудираси Эъзоза Тўрабоеванинг қизи мурожаат қилди.

Унинг айтишича, онаси тезкор тадбир ўтказилган жойда бўлмаганига қарамай, асоссиз айбловлар билан қамоққа олинган.

Оила аъзолари Наманган вилояти ва Янгиқўрғон тумани прокуратураларига, шунингдек, Бош прокуратурага мурожаат қилган. Аммо уларнинг важлари етарлича эшитилмаган.

Қуйида таҳририятга келиб тушган мурожаат матнини айрим услубий таҳрирлар билан эълон қиламиз.

Мурожаатда келтирилган даъво ва иддаолар муаллифга тегишли. «Элтузар» ваколатли органлардан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни ва жамоатчиликка расмий муносабат билдиришни сўрайди.

«Биз имтиёз эмас, адолатли терговни сўраяпмиз»

«Ассалому алайкум, ҳурматли «Элтузар» таҳририяти!

Мен Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидан мурожаат қиляпман.

Онам – Янгиқўрғон тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудираси Эъзоза Тўрабоева. Бизнинг фикримизча, у асоссиз айблов ва туҳматлар билан қамоққа олинди.

Айбловга асос қилинаётган тезкор тадбир ўтказилган вақтда онам воқеа жойида умуман бўлмаган. Шунга қарамай, ҳозир у қамоқда. Тезкор тадбирда бевосита иштирок этган шахслар эса озодликда юрибди.

Биз бу масала юзасидан Наманган вилояти прокурорига ҳам, Янгиқўрғон тумани прокурори Оқил Раҳмоновга ҳам мурожаат қилдик. Аммо бизнинг арзимиз ва келтирган важларимиз эшитилмади.

Ҳатто Бош прокуратурага бордик, лекин қабулга кира олмадик. Кейин Бош прокурор ўринбосари Валиевнинг қабули бўлиши айтилди. Аммо у кишининг қабулига кириш учун ҳам бизга йўлланма берилмади.

Биз дардимизни кимга айтайлик? Бу юртда адолат борми? Воқеа жойида бўлмаган инсон шунчаки айбланиб, қамоқда қолиб кетаверадими?

Биз ишнинг холис ва қонуний равишда қайта ўрганилишини сўраймиз. Тезкор тадбирга оид барча далиллар, видеоёзувлар, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва воқеа иштирокчиларининг ҳаракатлари очиқ ва адолатли текширилиши керак.

Онамнинг айбдор ёки айбсизлиги ҳақидаги хулосани фақат қонуний ва холис тергов ҳамда суд бериши лозим. Аммо унинг воқеа жойида бўлмагани ҳақидаги важларимиз текширилмай, мурожаатларимиз эшитилмай қолаётгани бизни қаттиқ ташвишга солмоқда.

Ҳурматли мутасаддилар, илтимос, бизнинг мурожаатимизни назоратга олинг.

Биз имтиёз эмас, фақат адолатли тергов, холис муносабат ва қонун устуворлигини сўраяпмиз».