Элтузарга Veolia Energy Tashkent компанияси ходимларидан бири меҳнат шароитлари, иш ҳақи, байрам муносабати билан бериладиган тўловлар ҳамда маҳаллий ходимларга муносабат юзасидан шикоят билан мурожаат қилди.

Мурожаат муаллифининг айтишича, собиқ «Тошиссиққуввати» тизимида ишлаб келган айрим маҳаллий ходимларнинг маошлари компаниядаги бошқа ходимларга нисбатан анча паст белгиланган. Унинг даъвосига кўра, айрим юқори лавозимларга хориждан, жумладан Россиядан мутахассислар жалб қилинган ва уларнинг иш ҳақи маҳаллий ходимлар маошидан кескин фарқ қилади.

Ходим, шунингдек, жамоада ўзбек ходимларига нисбатан менсимаслик кайфияти мавжудлигини иддао қилмоқда. Мурожаатда ишнинг асосий қисмини бажараётган, қарздорлар билан ишлаётган ва компания тушумига ҳисса қўшаётган маҳаллий ходимлар моддий рағбатлантиришда ҳам четда қолаётгани айтилган.

«Сўнгги учта байрамда байрам пуллари танлаб берилди. Қурбон ҳайитида ҳам, Мустақиллик байрамида ҳам бизга берилмади», – дейди мурожаат муаллифи.

Шунингдек, декрет таътилидан ишга қайтган айрим ходимларга штат қисқариши баҳона қилиниб ишдан кетиш таклиф этилгани ёки уч ойлик синов муддати белгиланиб, иш ҳақининг бир қисми тўлангани ҳақида ҳам даъволар келтирилган.

Мурожаатчи компанияда ходимларни ишдан бўшатиш билан боғлиқ босимлар, иш ҳақи белгилаш мезонлари ва ходимларга тенг муносабат масалаларини ваколатли идоралар текшириши керак, деб ҳисоблайди.

Унинг таъкидлашича, хорижий инвестиция иштирокидаги корхона бўлишидан қатъи назар, компания Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган экан, мамлакат меҳнат қонунчилиги ва ходимларнинг ҳуқуқларига риоя қилиши шарт.

Мурожаатда келтирилган даъволар ҳозирча мустақил равишда тасдиқланган эмас. Veolia Energy Tashkent раҳбариятининг мазкур масала бўйича муносабати ҳам маълум эмас.

Элтузар компания раҳбарияти ва тегишли давлат идораларига сўз беришга, уларнинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.