ВАЗИРЛИК БУЙРУҚЛАРИ ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРЛАРИНИНГ МАҚСАДИГА ЗИДМИ?
Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги педагогик маҳорат марказлари бўйича мурожаатда вазирликнинг бир нечта буйруқлари Президент қарорларида кўзда тутилган кадрлар сифатини ошириш мақсадига зид эканлиги иддао қилинмоқда. Илмий-ҳуқуқий асослар очиқ қолмоқда.
(1-ҚИСМ)
Элтузар таҳририятига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги педагогик маҳорат марказлари фаолияти ҳақида олти қисмдан иборат мурожаат келиб тушди.
Мурожаат муаллифлари 2024 йил сентябридан кейин марказларда кадрларни танлаш, раҳбарлик лавозимларига қўйиладиган малака талаблари ва профессор-ўқитувчиларни ишга қабул қилиш тизимида жиддий муаммолар пайдо бўлганини даъво қилмоқда.
Матнда, асосан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 238, 297 ва 334-сонли буйруқлари ҳамда 297-сон буйруққа киритилган ўзгартишлар тилга олинган. Муаллифлар ушбу ҳужжатларда белгиланган айрим талаблар Президент қарорларида кўзда тутилган кадрлар сифатини ошириш мақсадига зид эканини иддао қилмоқда.
Президентнинг 2024 йил 21 июндаги ПҚ-231-сон қарорида педагогларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш, малака ошириш муассасалари маъмурий-бошқарув ва педагог кадрларининг сифат таркибини яхшилаш вазифаси белгиланган. ПҚ-345-сон қарор билан тасдиқланган Миллий малакалар рамкасида эса ишга қабул қилишда, ходимларнинг вертикал ва горизонтал ўсишида малака талабларини белгилаш назарда тутилган.
Бироқ мурожаатда ушбу мақсадларни амалга ошириши лозим бўлган вазирлик буйруқлари аксинча, айрим лавозимлар учун талабларни енгиллаштиргани айтилмоқда.
Масалан, педагогик маҳорат марказлари раҳбарлари ва ўринбосарларига меҳнат ҳақи тўлаш шартлари олий таълим муассасалари ректор ва проректорларига белгиланган шартларга тенглаштирилган. Мурожаат муаллифлари шундан келиб чиқиб, уларга қўйиладиган малака талаблари ҳам бир-бирига яқин бўлиши кераклигини таъкидламоқда.
Аммо иш ҳақининг тенглаштирилиши икки лавозимнинг ҳуқуқий мақоми ва барча малака талаблари мутлақо бир хил бўлиши шартлигини автоматик равишда англатмайди. Шу сабаб бу масалага мустақил ҳуқуқшунослар ва таълим бошқаруви мутахассисларининг хулосаси зарур.
Хўш, вазирлик буйруқлари қабул қилинганда қандай илмий, ҳуқуқий ва кадрлар таҳлили ўтказилган?
Талабларни ўзгартиришдан олдин педагогик маҳорат марказларининг илмий салоҳияти, мавжуд кадрлар таркиби ва таълим сифатига бўладиган таъсир ўрганилганми?
238, 297 ва 334-сонли буйруқлар жамоатчилик ёки соҳа олимлари муҳокамасидан ўтказилганми?
Элтузар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, А. Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ҳамда ҳудудий марказларнинг ушбу масала бўйича муносабатини тўлиқ эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг