Гемодиализ ташҳиси қўйилган беморлар Элтузар таҳририятига мурожаат қилиб, Президент ташаббуси билан ажратилган имкониятдан амалда фойдалана олмаётганини маълум қилди.

Қурбон ҳайити арафасида “Вақф” хайрия жамоат фонди молиялаштириши ҳисобидан буйрак трансплантацияси операцияларини бепул ўтказиш имконияти яратилгани ҳақида хабар берилган эди. Бу янгилик оғир дард билан курашаётган юзлаб беморлар учун катта умид бўлди.

Бироқ мурожаат беморларнинг таъкидлашича, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси марказида айрим беморларнинг операциялари амалга оширилмаяпти. Сабаб сифатида донор ва беморнинг қон гуруҳи мос келмаган ҳолатларда қўлланиладиган махсус дори воситаси мавжуд эмас дейилмоқда.

Беморлар марказ раҳбарияти қабулига киришга уринган, аммо раҳбар уларни қабул қилмаган. Кейинчалик бош шифокор уларга зарур дори воситаси марказда йўқ, операцияларни ҳозирча ўтказиш имкони йўқ дея рад жавобини берди.

Аммо иддаоларга кўра, зарур дори воситаси мамлакатга “айланма (контрабанда) йўллар” орқали кирилмоқда.

“Вақф” фонди орқали берилган ваучерларни зарур дори воситалари билан таъминланган бошқа тиббиёт муассасаларига кўчириш имкони борми?

Марказдаги дори таъминоти ва беморлар мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини холис ўрганиш шарт.

Инсон ҳаёти билан боғлиқ масалаларда ҳар бир кун, ҳар бир соат муҳим. Шу боис мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Вақф” фонди, Бош прокуратура ҳамда бошқа ваколатли идоралар расмий муносабат билдириши зарур. Умид қиламизки, санаб ўтилган ташкилотларда инсон қадри ва ваъда амали муҳим деган тушунчага эга мутасаддилар масалага жиддий ёндашишади.