“UzTrade” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозими учун 2026 йилда кетма-кет танловлар эълон қилинган. Жамиятнинг расмий саҳифасида раислик учун иккита алоҳида танлов эълони жойлаштирилган. Сўнгги танловда ҳужжатлар 3–20 июль кунлари қабул қилиниши, саралаш эса 23 июлда ўтказилиши белгиланган эди. Бироқ 24 июль ҳолатига расмий саҳифада танлов натижаларига оид очиқ ахборот кўринмайди.

Хўш, танлов муносиб номзод топилмагани учун такрорланяптими ёки жараён муайян шахсга мослаштириляптими?

Бу ерда муҳим ҳуқуқий жиҳат бор. Давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарларини танлаш тартибига кўра, танловга фақат битта номзод ҳужжат топширса, номзод қидириш жараёни қайта ўтказилиши керак. Уч марта кетма-кет эълон берилганидан кейин ҳам битта номзод қолса, комиссия уни вақтинча раҳбарликка тавсия этиши мумкин.

Шу билан бирга, мазкур тартиб танлов жараёни очиқлик, тенглик, рақобат ва мустақиллик принципларига асосланишини талаб қилади.

Демак, танловнинг қайта эълон қилиниши ўз-ўзидан қонунбузилишни англатмайди. Асосий савол – ҳар бир босқичда нечта номзод қатнашгани, улар қандай баҳолангани ва аввалги танловлар нима сабабдан натижасиз деб топилганида.

Таҳририятга тақдим этилган маълумотда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги муқаддам Акром Василовни “UzTrade” бошқаруви раиси лавозимига қонунчилик талабларига зид равишда тайинлагани, кейинчалик тайинлов ҳужжатлари бекор қилингани иддао қилинмоқда.

Бироқ очиқ манбаларда Василовнинг тайинлови қайси қарор билан бекор қилингани ёки қонунбузилиш расман қайд этилганини тасдиқловчи ҳужжатни топа олмадик. Шу сабабли бу маълумот ҳозирча расмий идоралар тасдиғини талаб қиладиган даъво ҳисобланади.

Очиқ маълумотлардаги бошқа бир зиддият ҳам эътиборни тортади. “UzTrade”нинг расмий сайтида жамият бошқаруви раиси сифатида Аброр Қурбонов кўрсатилган. Айни пайтда Safe.Faktura реестр маълумотларида раҳбар сифатида Акром Василовнинг исми сақланиб қолган. Бу реестрнинг кеч янгиланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин, аммо давлат компанияси раҳбарияти ҳақидаги икки хил маълумотга расмий изоҳ берилиши лозим.

Матбуот хабарларига кўра, Акром Василов 2025 йил январда “Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамияти бош директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. У бунга қадар “Марказсаноатэкспорт” ва “Ўзсаноатэкспорт” тизимларида масъул лавозимларда ишлаган. 2025 йил июнига келиб эса “Ўзбекэкспертиза”га бошқа раҳбар тайинлангани хабар қилинган.

Василовнинг бир нечта давлат экспорт тузилмаларида ишлагани ўз-ўзидан манфаатлар тўқнашуви ёки коррупцияни англатмайди. Аммо бу ҳолат кетма-кет танловлар ва бекор қилинган тайинлов ҳақидаги даъволар билан бирлашганда, жараённи мустақил тарзда ўрганиш учун етарли асос пайдо қилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, вазирликнинг комплаенс-назорат тузилмаси ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги қуйидаги маълумотларни жамоатчиликка очиқлаши мақсадга мувофиқ:

“UzTrade” раҳбарлиги учун ўтказилган ҳар бир танловда нечта номзод қатнашган? Танлов комиссиясининг баённомалари ва номзодларга қўйилган баллар қаерда? Акром Василовни тайинлаш ёки унинг тайинловини бекор қилиш ҳақида қарор бўлганми? Вазирлик танлов комиссиясига муайян номзодни тавсия қилганми? Манфаатлар тўқнашуви бўйича текширув ўтказилганми?

Бу ҳужжатлар эълон қилинмас экан, танлов “керакли номзод” ғолиб бўлгунига қадар такрорланаётгандек таассурот қолдираверади. Аммо расмий ҳужжатларсиз муайян шахс ёки мансабдорларни қонунбузарликда айблашга ҳам асос йўқ.

Таҳририят Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “UzTrade” АЖ ҳамда Акром Василовнинг муносабатини эълон қилишга тайёр.