УКРАИНАДА STARLINK ФАОЛИЯТИНИ ЧЕКЛАШ ТАШАББУСИ ИЛОН МАСКДАН ЧИҚДИ
The Telegraph манбаларига кўра, Илон Маск Украинада Starlink сунъий йўлдош алоқа тизими фаолиятини чеклаш ғоясини Дональд Трампқа таклиф этган, бироқ Маск ҳам, Трамп ҳам бу қарорга расман масъулиятни ўз зиммасига олмаяпти.
Украинада Starlink сунъий йўлдош алоқа тизими фаолиятини чеклаш ташаббуси америкалик миллиардер Илон Маск томонидан илгари сурилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Британиянинг The Telegraph нашри бир нечта манбасига таяниб хабар бермоқда.
Нашр суҳбатдошларининг билдиришича, Маск бу таклифни АҚШ президенти Дональд Трампга тақдим этди ва Трамп уни маъқуллади.
Шундан сўнг Пентагон Starlink тизимининг ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланган Starshield версияси фаолиятини секинлаштирди.
Бироқ Илон Маск аввалроқ бу қарорга алоқадорлигини рад этган эди. Унинг таъкидлашича, Starshield тизимининг ишлаш тезлиги ва ундан фойдаланишга оид қарорларни АҚШ ҳарбий раҳбарияти ҳамда Дональд Трамп қабул қилади.
Трамп ҳам ўз навбатида, Starlink фаолиятига қўйилган чекловлар учун на ўзи, на Маск масъул эканини аниқ айтмади. Шу тариқа, The Telegraph манбалари келтирган маълумотлар Маск ва Трампнинг аввалги баёнотларига зид келмоқда.
Ҳозирча чекловлар ташаббускори ким бўлгани юзасидан томонларнинг қарашлари бир-биридан фарқ қилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг