2026 йил 13 ноябрь куни Туркия ва Қатар ўртасида ўзаро мудофаа тўғрисида янги келишув имзоланди. Бу ҳақда Туркия президенти маъмурияти маълум қилди.

Келишув Истанбулда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ўртасидаги учрашув якунлари бўйича имзоланган.

Эрдўғоннинг таъкидлашича, янги битим икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлайди. Томонлар мудофаа саноати, ҳарбий ҳамкорлик ва энергетика соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш ниятида.

Туркия президенти Форс кўрфази минтақасида уруш қайта авж олишининг олдини олиш, мулоқотни ривожлантириш ва тинчликни таъминлаш учун Қатар билан ҳамкорлик давом эттирилишини билдирди.

Келишув Яқин Шарқда ҳарбий-сиёсий вазият кескинлигича қолаётган бир пайтда имзоланди. Туркия минтақадаги мудофаа ҳамкорлигини кенгайтириб, хавфсизлик соҳасидаги мавқеини мустаҳкамлашга интилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил август ойида Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ҳам қўшма мудофаа келишувини имзолаган эди.

Туркия ва Қатар ўртасидаги янги битимнинг аниқ шартлари ҳозирча ошкор этилмаган. Шу боис унинг ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятлари ва амалий механизмлари қандай бўлиши ҳозирча номаълум.