Швейцариялик собиқ модель Беатрис Койль АҚШ президенти Дональд Трампни 1993 йилда ўзини зўрлаганликда айблади.

Бу ҳақда АҚШ Вакиллар палатаси Суд қўмитасидаги демократлар тайёрлаган ҳисоботда сўз боради.

Койльнинг айтишича, у 24 ёшида Нью-Йоркдаги Plaza меҳмонхонасида ўтказилган гўзаллик танлови тадбирида Трамп билан танишган. Трамп унга виза олиш ва Нью-Йорк университетига ўқишга киришда ёрдам беришни ваъда қилган.

Аёлнинг даъво қилишича, ўша куни Трамп уни меҳмонхона хонасида зўрлаган. Ҳодисадан кейин унинг танасида кўкаришлар пайдо бўлган, Трамп эса воқеа ҳақида ҳеч кимга гапирмасликни талаб қилган.

Жеффри Эпштейн билан алоқаларга бағишланган ҳисоботда Трампни турли вақтларда жинсий зўравонлик ёки шилқимликда айблаган беш нафар аёлнинг кўрсатмалари тилга олинади.

Ҳисобот муаллифлари Трампга нисбатан жиноий тергов бошлашга чақирмоқда. Оқ уй матбуот хизмати барча айбловларни рад этди. Ҳозирча ушбу даъволар суд томонидан исботлангани ҳақида ҳам маълумот йўқ.