АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон портларига нисбатан денгиз блокадаси қайта тикланиши ва Ҳурмуз бўғози орқали ташиладиган барча юкларга 20 фоизлик тўлов жорий этилишини маълум қилди.

Трампнинг айтишича, блокада 14 июль, сешанба куни Гринвич вақти билан 20:00 да – Тошкент вақти билан соат 24:00 да кучга киради. Ушбу чора Эрон кемалари ва Эрон билан савдо қилувчи мижозларнинг мамлакат портларига кириши ёки улардан чиқишини тўхтатишга қаратилган.

АҚШ президенти бошқа давлатларнинг кемалари Ҳурмуз бўғозидан “эркин ва адолатли” фойдаланишда давом этишини таъкидлади.

“Ҳурмуз бўғози Эрон билан ҳам, Эронсиз ҳам очиқ қолади”, – деб ёзди Трамп Truth Social тармоғида.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ бундан буён “Ҳурмуз бўғозининг қўриқчиси” бўлади. Трамп хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун бўғоз орқали ўтадиган барча юклар қийматининг 20 фоизи миқдорида тўлов ундирилишини айтди.

Бироқ ушбу тўлов қандай ҳисобланиши, уни ким йиғиши ва тўлашдан бош тортган кемаларга нисбатан қандай чора кўрилиши ҳозирча аниқ эмас.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий Трампнинг баёнотига киноя билан жавоб қайтарди.

“Тижорат кемаларининг Ҳурмуз бўғозидан хавфсиз ўтишини таъминлаган томон бу хизмати учун ҳақ олиши кераклиги тўғрисида АҚШ президенти мутлақо ҳақ”, – деб ёзди у X тармоғида.

Ароқчий Эрон доимо Ҳурмуз бўғозининг “қўриқчиси” бўлгани ва шундай бўлиб қолишини таъкидлаб, 20 фоизлик тўловни “ҳаддан ташқари юқори” деб атади.

АҚШ Марказий қўмондонлиги – CENTCOM эса душанба куни Эронга қарши кетма-кет учинчи тун ҳаво зарбалари бошланганини маълум қилди. Қўмондонликка кўра, ҳужумлар Трампнинг кўрсатмаси билан бошланган.

CENTCOM зарбалар Эрон кучларига “оғир зарар етказиш” ва уларнинг тинч аҳоли ҳамда Ҳурмуз бўғозидаги тижорат кемаларига ҳужум қилиш имкониятини камайтиришга қаратилганини билдирди.

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари мамлакат армияси Қувайтдаги АҚШ ҳарбий объектларига зарба берганини хабар қилди.

Халқаро денгиз ташкилоти вакили эса халқаро навигация учун фойдаланиладиган бўғозлардан ўтишга мажбурий тўлов жорий қилишга ҳуқуқий асос йўқлигини айтди. Ташкилот денгиз йўлларидан оддий транзит учун бож ундирилишига қарши эканини таъкидлади.

Ҳурмуз бўғозининг энг тор қисмидаги кема йўллари Эрон ва Уммоннинг ҳудудий сувлари ичида жойлашган. Шу сабабли АҚШнинг бўғоз устидан назорат ўрнатиш режаси халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳам баҳсларга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳурмуз бўғози жаҳон энергетика бозори учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Можаро бошланишидан аввал дунёдаги нефть ташувларининг тахминан 25 фоизи ва суюлтирилган табиий газ савдосининг 20 фоизи шу йўл орқали амалга оширилар эди.

АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга зарба берганидан кейин Теҳрон бўғозда ҳаракатни кескин чеклади. Эрон кучлари рухсатсиз ўтишга уринган тижорат кемаларига ўт очган ва икки кемани қўлга олган эди. Натижада денгиз қатнови кескин камайиб, нефть нархлари кўтарилди.

АҚШ Эрон портларига қарши дастлабки блокадани апрель ойида жорий қилган, июнда эса икки мамлакат ўртасидаги келишув доирасида уни бекор қилган эди.

Трампнинг янги қарори АҚШ иттифоқчилари орасида ҳам эътирозларга сабаб бўлиши мумкин. Айрим давлатлар Америкага юк қийматининг 20 фоизини тўлашни қабул қилмаслиги кутилмоқда. Нефть нархларининг яна кўтарилиши эса АҚШда оралиқ сайловлар арафасида республикачилар учун сиёсий муаммога айланиши мумкин.

Айрим таҳлилчилар Трампнинг баёноти Эронни янги музокараларга мажбурлаш ва бошқа давлатларни можарога фаолроқ жалб қилишга қаратилган босим воситаси бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти.