ИИВ ҳузуридаги 1-сон жазони ижро этиш муассасаси («Тоштурма»)да сақланаётган айрим айбланувчи ва судланувчилар орасида оммавий ич кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳолат муассасада тайёрланган озиқ-овқатдан эҳтимолий заҳарланиш билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Хабарлар ортидан адвокат ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдириб, агар маълумотлар тасдиқланса, бу инсон ҳаёти ва соғлиғига дахлдор ўта жиддий вазият эканини таъкидлади.

Айбланувчи ёки судланувчи шахс ҳам, энг аввало, инсон ҳисобланади ва унинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда қадр-қиммати Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. Қоғозда шундай.

Бош прокуратура, Омбудсман ҳамда бошқа ваколатли давлат органларини қуйидаги масалалар юзасидан тезкор чора кўришга чақирамиз:

муассасада тайёрланаётган озиқ-овқат сифати ва санитария ҳолати бўйича мустақил ҳамда холис текширув ўтказлсин;

касалланган шахсларга зудлик билан тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилсин;

ҳолатнинг ҳақиқий сабабларини жамоатчиликка маълум қилинсин;

қонунбузилишлар аниқланган тақдирда айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортилсин.

«Қамоқхона қонун амал қилмайдиган ҳудуд эмас. Давлат ҳибсга олган ҳар бир шахснинг ҳаёти ва соғлиғи учун жавобгар ҳисобланади», — дейди адвокат ўз муносабатида.

Айни пайтда ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ёки бошқа ваколатли давлат органларининг расмий ахбороти эълон қилинмади.