Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фирибгарликда гумон қилинган шахс қўлга олинди.

Маълум бўлишича, 1977 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят учун судланган ушбу шахс маҳаллий тадбиркордан 30 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув материалларига кўра, гумонланувчи тадбиркор Чилонзор туманидаги 37 сотих ер майдонида нодавлат умумтаълим ҳамда мактабгача таълим муассасалари қуришни режалаштираётганидан хабардор бўлган.

Шундан сўнг у шахсий манфаатини кўзлаб, мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли ва турли ташкилотлар орқали қурилиш ишларига сунъий тўсқинликлар юзага келтирилиши мумкинлигини айтиб, гўёки қурилишни ўзи амалга ошираётгандек кўрсатиш ва фуқароларни “тинчлантириш” эвазига тадбиркордан жами 360 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида гумонланувчи талаб қилинган пулнинг 30 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.