Элтузарга Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Тошкент шаҳар филиалидаги меҳнат низоси ҳақида мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, суд-кимё бўлими эксперти Ш.А. 16 ва 17 апрель кунлари ишга келмагани ҳақидаги даъводан сўнг ишдан бўшатилган. Мурожаат муаллифлари эса унинг ишга келганини кузатув камераси ёзувлари ва давомат журнали тасдиқлашини айтмоқда.

Мурожаатда низо март ойида бўлимда юз берган келишмовчиликлардан кейин кучайгани баён қилинган. Муаллифларнинг айтишича, эксперт Ш.А. ҳамкасби иш жараёнига бир неча бор халақит бергани ҳақида раҳбариятга шикоят қилган. Шундан сўнг ходимлардан тушунтириш хати талаб қилинган ва йиғилишларда интизомий чоралар кўриш масаласи муҳокама қилинган.

Апрелдаги экспертиза топшириғи низонинг асосий нуқтасига айланган. Мурожаатга кўра, 9 апрель куни Ш.А. ва Ш.С.га биологик намунани биргаликда текшириш топширилган. Филиалда зарур ускуна бўлмагани сабабли таҳлилни якунлаш учун намуна ички ишлар органларининг криминалистика экспертизасига юборилган. Муаллифлар муҳрланган намунани Ш.С. бўлим бошлиғи вазифасини вақтинча бажариб турган раҳбарнинг топшириғи билан олиб борганини билдирган.

Мурожаатда келтирилишича, кейинги йиғилишда раҳбарият Ш.А.нинг 16–17 апрель кунлари ишга келганини шубҳа остига олган ва Ш.С.нинг экспертиза топшириғи доирасидаги ҳаракатларига эътироз билдирган. Ходимлар эса давомат журналида имзолари борлигини ва камера ёзувларида ишга келгани акс этганини айтган. Муаллифлар, шунингдек, касаба уюшмаси вакили Ш.А.га ўз хоҳиши билан ишдан кетишни таклиф қилганини иддао қилмоқда.

Мурожаат муаллифлари филиалда давомат ва интизом талаблари ходимларга бир хил қўлланишини ҳам текширишни сўраган. Ишдан бўшатиш буйруғи, давомат журнали ва камера ёзувлари мустақил текширилмаган. Филиал раҳбарияти ва касаба уюшмасининг бу ҳолат юзасидан изоҳи ҳозирча мавжуд эмас.