Ўзбекистонда йиллар давомида танқид қилиб келинган мажбурий обуна амалиёти маҳалла тизимида яна бош кўтараётган бўлиши мумкин. Элтузарга юборилган ҳужжатда Тошкент шаҳрининг 12 туманига «Маҳалла» газетаси ва «Маҳалла кўзгуси» журнали учун алоҳида обуна режалари белгилангани кўрсатилган. Мурожаат муаллифи эса бу режалар сабаб маҳалла раисларига босим ўтказилаётганини билдирмоқда.

Таҳририятга тақдим этилган, 2026 йил 28 октябрь санаси қайд этилган жадвал «Маҳалла» газетаси ва «Маҳалла кўзгуси» журнали учун 2027 йилга расмийлаштирилаётган обуна бўйича тезкор маълумот деб номланган.

Ҳужжатда Тошкент шаҳрида ҳар икки нашр учун 598 тадан обуна режаси белгилангани кўрсатилган.

Бироқ 28 октябрь ҳолатига кўра, газета бўйича режа атиги 48,43 фоизга, журнал бўйича эса 42,80 фоизга бажарилган.

Эътиборлиси, жадвалда ҳар бир туманнинг обуна режаси, унинг бажарилиши ва бажарилмаган қисми қизил рақамлар билан алоҳида ажратиб кўрсатилган.

Масалан, Мирзо Улуғбек туманида газета ва журналга обуна режаси 21,83 фоиздан бажарилган. Учтепа туманида журналга обуна кўрсаткичи 12,30 фоизни ташкил этган. Чилонзорда газета режаси 25 фоиз, журнал режаси эса 23,21 фоизга бажарилган.

Жадвалнинг ўзи обуна жараёни оддий тарғибот эмас, балки туманлар кесимида режа ва ижро кўрсаткичлари орқали назорат қилинаётганини кўрсатади.

Хўш, нега одамлар ўз хоҳиши билан сотиб олиши керак бўлган газета ва журналлар учун маъмурий режалар белгиланмоқда?

«МАҲАЛЛА РАИСЛАРИНИ ЭЗИБ ЮБОРИШДИ»

Элтузарга мазкур жадвални юборган мурожаатчи маҳалла раислари обуна масаласида қаттиқ босим остида қолаётганини айтади.

Мурожаатдаги бу даъвони таҳририят ҳозирча мустақил манбалар орқали тасдиқлагани йўқ. Шунингдек, обуна режасини ким тасдиқлагани, унинг бажарилиши қандай талаб қилинаётгани ва раисларга нисбатан қандай чоралар кўрилаётгани ҳозирча номаълум.

Шунга қарамай, тақдим этилган ҳужжат жиддий саволларни келтириб чиқаради.

Маҳалла раиси газета ва журнал сотиш билан шуғулланиши керакми? Режа бажарилмаса, ундан ҳисобот талаб қилинадими? Обуначи топилмаса, маҳалла раиси ўз чўнтагидан пул тўлашга мажбур бўладими?

Энг муҳими, маҳалла раисининг асосий фаолияти нима билан баҳоланиши керак – аҳолининг муаммоларини ҳал қилиши биланми ёки газета-журналга обуна режасини бажариши биланми?

ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИДА МАЖБУРИЙ ОБУНА ТАЛАБИ БОРМИ?

Президентнинг 2026 йил 24 июндаги ПФ–116-сон фармонида «Маҳалла» газетаси ва «Маҳалла кўзгуси» журнали Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкилий тузилмасида қайд этилган.

Мазкур нашрлар орқали қонунчиликдаги янгиликлар, маҳаллалар фаолияти ва илғор тажрибаларни ёритиш вазифаси ҳам белгиланган.

Бироқ фармонда маҳалла раислари шахсий маблағлари ҳисобидан ушбу нашрларга мажбурий обуна бўлиши ёки белгиланган обуна режаларини бажариши шартлиги ҳақида талаб мавжуд эмас.

Қолаверса, Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра, ходимнинг иш ҳақидан пул ушлаб қолиш, умумий қоида бўйича, унинг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Қонунда назарда тутилган истиснолар бундан мустасно.

Демак, газета-журнал обунаси учун ходимларнинг маошидан уларнинг розилигисиз пул ушлаб қолиш ҳам жиддий ҳуқуқий саволларни келтириб чиқаради.

МАЖБУРИЙ ОБУНА – ЭСКИ МУАММО

Ўзбекистонда мажбурий обуна масаласи янгилик эмас.

2019 йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг йиғилишида маҳалла ходимлари мажбурий обунага жалб этилаётгани танқид қилинган. Ўшанда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида маҳалла ходимлари партия газеталарига 1,5 миллион сўмлик мажбурий обуна қилингани маълум қилинган эди.

2022 йилда эса Адлия вазирлиги мажбурий обунага дуч келган фуқароларни вазирликка мурожаат қилишга чақирган.

Орадан йиллар ўтган бўлса-да, Элтузарга келган янги мурожаат обуна масаласи маҳалла тизимида яна баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётганини кўрсатади.

Албатта, матбуотни қўллаб-қувватлаш керак. Аммо газетани ўқишга қизиқтириш бошқа, уни маъмурий режа асосида тарқатишга уриниш бошқа масала.

Маҳалла раисларининг вазифаси аҳоли дардини тинглаш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва маҳалла ҳаётини яхшилашдан иборат.

Уларнинг зиммасига яна газета-журнал обунасини кўпайтириш вазифаси юкланаётган бўлса, бу амалиётнинг ҳуқуқий асослари жамоатчиликка очиқ тушунтирилиши шарт.