Тошкент шаҳрида фуқарони мажбуран олиб қочишга уринган икки нафар шахс қўлга олинди. Дастлабки маълумотларга кўра, улар буюртма асосида ҳаракат қилган ва яна бир фуқарони ҳам худди шу тарзда олиб кетишни режалаштирган.

Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментига мурожаат қилган фуқаро номаълум шахслар уни автомобилда мажбуран олиб кетишга уринганини, бироқ қаршилик кўрсатиб, қочиб қолишга муваффақ бўлганини маълум қилган. Мурожаат асосида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчилар қўлга олинган.

Аниқланишича, 2000 ва 1998 йилларда Тошкент шаҳрида туғилган ушбу шахслар муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган. Уларга тегишли автомобилнинг юкхонасидан ўткир тиғли болта ҳам топилган.

Тергов жараёнида гумонланувчиларнинг телефонлари текширилганда, Telegram мессенжерида буюртмачи билан ёзишмалари аниқланган. Унда жабрланувчини ҳар қандай йўл билан бўлса-да буюртмачига етказиш, шунингдек, яна бир фуқарони электрошокер ёрдамида ҳушсизлантириб олиб келиш бўйича кўрсатмалар берилгани маълум бўлган.

Ҳатто гумонланувчилар иккинчи фуқарони олиб кетиш мақсадида унинг ишхонаси олдида қарийб тўрт соат кутишган. Бироқ у хизмат сафарига кетгани сабабли режалари амалга ошмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 137-моддаси иккинчи қисми «б» ва «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ички ишлар вазирлиги фуқароларни товламачилик, зўравонлик ва таҳдид орқали пул талаб қилиш ёки бошқа ноқонуний ҳаракатларга дуч келганда зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилишга чақирмоқда.