ТОШКЕНТ ТУМАНИДА ЎҚИТУВЧИЛАРДАН ГАЗЕТА ОБУНАСИ УЧУН ПУЛ ТАЛАБ ҚИЛИНМОҚДА
Тошкент тумани мактабларида ўқитувчилардан туман газетасига мажбурий обуна учун пул йиғилаётгани ҳақида мурожаат келди. Айрим мактабларга ходимлар сонига қараб ўн миллионлаб сўм йиғиш топширилгани иддао қилинмоқда.
Элтузарга келиб тушган мурожаатда Тошкент вилоятининг Тошкент туманида мактаб ўқитувчилари туман газетасига обуна бўлишга мажбурланаётгани айтилган. Мурожаатчига кўра, мактаблардан йиғиш талаб қилинаётган маблағ ходимлар сонига қараб белгиланган. Мисол тариқасида у 80 нафардан ортиқ ходими бор бир мактабга 20 миллион сўм йиғиш топширилганини келтирган.
Мурожаатда айтилишича, топшириқ туман ҳокимидан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирасига, ундан эса мактаб раҳбарларига етказилган. Мурожаатчи мактаб раҳбарлари шу топшириқ асосида ўқитувчилардан обуна учун пул сўраётганини билдирган.
Туман ҳокимлиги ва таълим бўлимидан изоҳ кутамиз. Мактабларга газета обунаси учун маблағ йиғиш топширилганми? Агар шундай топшириқ берилган бўлса, суммаларни ким ва қандай асосда белгилаган? Ўқитувчилар обунадан эркин бош торта оладими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг