ЯНГИ МЕТРО БЕКАТ ТОМИ ВАЙРОН БЎЛДИ – АЙБ ҚУШЛАРГА АҒДАРИЛМАСИН
Тошкент метросидаги янги "Турон" бекатининг томи қисман қулаб, йўловчилар жароҳатланди. Ҳодиса қурилишдаги сифат назорати, масъулларнинг жавобгарлиги ва метро хавфсизлиги борасида жиддий саволлар уйғотмоқда.
Тошкент метросининг ер усти ҳалқа йўналишидаги «Турон» бекатида том конструкциясининг бир қисми қулаб тушди. Расмий маълумотларга кўра, икки нафар йўловчи енгил жароҳат олган. Талофатга қараб бу сонга ишониш қийин.
Метро ҳар куни юз минглаб одамлар фойдаланадиган стратегик транспорт тизими. Бундай объектда «тасодиф», «майда носозлик» деган воқеалар бўлмаслиги керак.
Вайрон бўлган бекат янги қурилган инфратузилма ҳисобланади. Агар нисбатан янги объектда том конструкцияси силжиб тушди –қурилишда сифат назорати етарли эмасми ёки объект қабул қилинишида масъулият етишмаганми?
Ҳар сафар шундай ҳодисадан кейин «махсус комиссия тузилди», «сабаблар ўрганилмоқда» деган расмий баёнотлар берилади. Айбдор қамалмайди, ақалли узр сўрамайди. Агар айбдорлар очиқ эълон қилинмаса, бу каби ҳолатлар яна такрорланмаслигига ким кафолат беради?
Жамоат транспортида хавфсизлик муҳокама мавзуси эмас, мутлақ талаб бўлиши шарт. Метронинг чиройли кўриниши ёки тез қурилгани эмас, унинг мустаҳкамлиги ва ишончлилиги энг асосий мезондир.
Хўш, том нега қулади, ким масъул ва бундай ҳодиса бошқа бекатларда такрорланмаслиги учун қандай чоралар кўрилади? Жавоб берадиган мард борми?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг