ТОШКЕНТДАГИ АЙРИМ ИССИҚХОНАЛАР УЧУН ЕР СОЛИҒИ 10 БАРАВАР ОШИРИЛИШИ МУМКИН
Тошкент шаҳри ва вилоятининг айрим туманларида иссиқхоналар учун ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасига нисбатан 10 бараваргача ошириш таклиф этилмоқда. Лойиҳа экологик хавфларни камайтириш ва «яшил» технологияларга ўтишни рағбатлантиришни кўзлайди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим туманларида фаолият юритаётган иссиқхоналар учун ер солиғини кескин ошириш таклиф қилинмоқда.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасига кўра, янги тартиб Тошкент шаҳри ҳамда Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида жойлашган иссиқхоналарга тааллуқли бўлиши мумкин.
Таклиф этилаётган тартиб асосида иссиқхоналар эгаллаган ер участкалари учун солиқ қишлоқ хўжалиги ерларига белгиланган ставканинг 10 баравари миқдорида ҳисобланади. Шунингдек, уларга нисбатан амалда бўлган айрим солиқ имтиёзларини бекор қилиш ҳам режалаштирилмоқда.
Бироқ қозонхонаси демонтаж қилинган ёки тўлиқ электр энергияси орқали иситиладиган иссиқхоналарга оширилган солиқ ставкалари татбиқ этилмайди.
Расмий изоҳга кўра, қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад иссиқхоналарнинг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш, шунингдек, тадбиркорларни хавфсиз ва экологик тоза технологияларга ўтишга рағбатлантиришдан иборат.
Айни пайтда солиқ ставкасининг бирданига 10 баравар оширилиши иссиқхона эгалари харажатларининг кўпайишига, маҳсулот таннархи ва бозордаги нархларга таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида саволлар ҳам туғилмоқда.
Қонун лойиҳаси 31 июлга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.
Сиз бу таклифни қандай баҳолайсиз: атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган зарур чорами ёки тадбиркорлар зиммасига тушадиган янги солиқ юкими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг