ТОШКЕНТ ҲОКИМЛИГИДА 57 ХОДИМГА «КАРТОШКА ПУЛИ» АЖРАТИЛАДИ
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 57 нафар техник ва хизмат кўрсатувчи ходимга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиши учун 4,4 млн сўмдан бир марталик «картошка пули» ажратади. Тахминан 313,5 млн сўм бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобидан йўналтирилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 57 нафар техник ва хизмат кўрсатувчи ходимига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш учун 4 миллион 400 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратиш белгиланган.
Тақдим этилган 2026 йил 28 октябрдаги фармойиш нусхасига кўра, маблағ ҳокимликнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасидан тўланади. Ижтимоий тўлов харажатлари билан бирга бу мақсадга жами 313 миллион 500 минг сўм йўналтирилиши кўзда тутилган.
Халқ орасида бундай кузги ёрдамни «картошка пули» дейишади. Ҳужжатда эса фақат картошка эмас, умуман қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун маблағ ажратиш назарда тутилган.
Бу — қўллаб-қувватлашга арзийдиган ташаббус. Гап техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар — одатда фаррошлар, қоровуллар ва бошқа нисбатан кам маош олувчи ишчилар ҳақида кетмоқда. Ҳужжатда уларнинг лавозимлари алоҳида санаб ўтилмаган, аммо ёрдам айнан шу тоифадаги ходимларга белгиланган.
Идоранинг тозалиги, тартиби ва хавфсизлигини таъминлайдиган бу инсонларнинг меҳнати кўпинча кўзга ташланмайди. Лекин уларнинг ҳам рўзғори, қишга тайёргарлиги, бозордан кўтариб келадиган халтаси бор. 4,4 миллион сўмлик қўшимча ёрдам оила учун сезиларли кўмак бўлиши мумкин.
Бундай амалиёт хорижда ҳам бор. Францияда иш берувчилар ходимларга овқатланиш талони ёки картаси беришлари мумкин. Бу тизим қўлланса, унинг қийматининг 50–60 фоизини иш берувчи қоплайди.
Чехияда ходимларнинг овқатланиш харажатига талон, карта ёки пулли устама орқали ҳисса қўшиш амалиёти мавжуд. Бразилияда эса биринчи навбатда кам даромадли ишчиларга мўлжалланган PAT дастури доирасида тайёр овқат, озиқ-овқат тўпламлари ва электрон тўлов воситалари қўлланади.
Уларнинг шакли Тошкентдаги бир марталик кузги ёрдамдан фарқ қилади. Лекин мақсад яқин: ходимнинг дастурхон харажатини енгиллаштириш.
Албатта, бундай ёрдам муносиб маошга қўшимча бўлса, янада яхши. Унинг очиқ қоидалар асосида, эҳтиёжманд ходимларни қамраб олган ҳолда берилиши эса ташаббуснинг қадрини оширади.
Ҳокимлик фаолиятида танқид қилинадиган иш бўлса, танқид қилиш керак. Кам маошли ходимни қўллаб-қувватлашга қаратилган яхши қадамни ҳам эътироф этиш ўринли. Бошқа ташкилотлар ҳам ўз фаррошлари, қоровуллари ва хизмат кўрсатувчи ходимларининг рўзғорига шундай эътибор қаратса, фойдадан холи бўлмасди.
Сизнинг ишхонангизда ҳам «картошка пули» ажратиладими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг