Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов ўз аризаси билан лавозимидан озод этилди. Олий таълим муассасалари ректорлари фаолияти юзасидан ўтказилган муҳокамаларда Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов фаолиятига доир қатор камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Маълумотларга кўра, 2026 йилда институт кутубхона фондини янгилаш ва ўқув адабиётларини харид қилиш учун бор-йўғи 59 миллион сўм сарфланган. Айни пайтда 32 та фан бўйича фойдаланилаётган дарсликлар 20 йилдан буён янгиланмаган.

Хорижий хизмат сафарлари учун эса сўнгги икки йилда 1,2 миллиард сўм сарфланган. Ушбу маблағнинг 340 миллион сўми ректор Ботир Усмоновнинг хизмат сафарларига тўғри келяпти.

Ректор икки йилда 15 марта, жами 62 кун хорижда хизмат сафарида бўлган.. Талабалар қабулида ҳам муаммолар қайд этилди. 2026 йилда бакалавриат бўйича 4,4 мингта квотанинг 1,2 мингтаси, магистратура бўйича 720 та квотанинг 115 таси бўш қолгани билдирилди.

Айрим муҳандислик йўналишларида эса квоталарнинг 90 фоиздан ортиғи тўлмаган. Шунингдек, 429 нафар талабанинг баҳоси ўзгартирилгани, 112 нафар талабанинг қониқарсиз баҳоси ижобий баҳога алмаштирилган. Бу ўзгаришларнинг асослари ва сабаблари алоҳида ўрганилиши лозим.

Битирувчилар бандлиги борасида ҳам саволлар бор. 1 708 нафар битирувчининг 196 нафари иш билан таъминланмади.

Хорижий хизмат сафарларига сарфланган маблағлар институтга қандай илмий, таълимий ва иқтисодий натижалар келтирган?