Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида Telegram орқали вояга етмаганларга рухсатсиз диний таълим берган аёл 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

Каттақўрғон туман судининг 2026 йил 17 июндаги ҳукмига кўра, 1973 йилда туғилган Гулжаҳон Элованинг яшаш уйини бутунлай тарк этиши тақиқланган. Шунингдек, у пробация бўлинмасининг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартириши ва Самарқанд вилоятидан ташқарига чиқиши мумкин эмас.

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, аёл махсус диний маълумотга ва диний ташкилот марказий бошқарув органининг рухсатига эга бўлмаган ҳолда, 2024 йил июнь ойидан Telegram’да “Arab tili tolibalari” номли гуруҳ ташкил қилган.

Мазкур гуруҳга турли ёшдаги тўққиз нафар вояга етмаган жалб қилиниб, уларга араб тили грамматикаси ва диний мавзуларда онлайн сабоқлар берилган. Ҳолат 2026 йил 3 февраль куни ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари ўтказган тезкор тадбир давомида аниқланган.

Судланувчи дарсларни ҳафтада бир марта аудиочат орқали ўтганини, ўқувчиларга топшириқлар бериб, уларни текширганини айтган. Унинг билдиришича, гуруҳ аъзолари яқин қариндошлари бўлгани учун машғулотлардан пул олмаган. Шу билан бирга, гуруҳга диний мазмундаги видеолар ҳам жойлаб борилган.

Дин ишлари бўйича қўмита хулосасида тарқатилган материаллар белгиланган тартибда диншунослик экспертизасидан ўтказилмагани ва амалдаги талабларга зид равишда тайёрлангани кўрсатилган.

Суд аёлнинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги, аввал судланмагани ва қарамоғида уч нафар фарзанди борлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаган. Оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаган.

Ҳукмга кўра, иш доирасида ашёвий далил сифатида олинган Samsung A51 телефони йўқ қилиниши, Telegram’даги “Arab tili tolibalari” профили эса Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан блокланиши белгиланган.

Ҳукм устидан ўн сутка ичида Самарқанд вилоят судига апелляция шикояти берилиши мумкин.