Таълим тизими жамиятдаги энг барқарор институтлардан бири бўлиши керак. Чунки бугун қабул қилинган қарорнинг ҳақиқий натижаси йиллар ўтиб намоён бўлади. Таълимдаги ҳар қандай ислоҳот самара бериши учун вақт, изчиллик ва илмий асос зарур.

Афсуски, сўнгги йилларда таълим соҳасида ўзгаришларнинг суръати уларнинг натижасини баҳолаш имкониятидан илгарилаб кетаётгандек. Бир тартибга мослашишга улгурмасдан бошқаси жорий этилади. Ўқув режалари, баҳолаш мезонлари, малака талаблари қайта-қайта ўзгартирилади. Таълим муассасалари сифатни оширишдан кўра янги талабларга мослашиш билан кўпроқ банд бўлиб қолмоқда.

Ҳар қандай ислоҳотнинг самарасини аниқлаш учун муайян муддат керак. Янги дастур жорий этилса, ўқитувчи уни ўзлаштириши, амалиётда синаши, натижаларни таҳлил қилиши лозим. Аммо шу жараён якунланмасидан навбатдаги ўзгариш бошланса, аввалги ислоҳотнинг қанчалик самарали бўлганини билиш имконияти йўқолади.

Бундай беқарорлик педагогларнинг касбий фаолиятига ҳам таъсир қилади. Ўқитувчи дарс мазмунини бойитиш, илмий изланиш ва талабалар билан ишлаш ўрнига янги ҳужжатлар, ҳисоботлар ва талабларни бажаришга вақт сарфлайди. Аста-секин таълимнинг мазмунидан кўра унинг расмий кўрсаткичлари устувор аҳамият касб эта бошлайди.

Тинимсиз ўзгаришлар тизимга бўлган ишончни ўлдириб юборди. Бугунги талаб эртага ўзгаришини билган педагог узоқ муддатли режа тузишга, янги методикани чуқур ўзлаштиришга эҳтиёткорлик билан ёндашади. Таълим муассасаларида стратегик ривожланиш ўрнини кундалик мослашув эгаллайди.

Албатта, таълим ислоҳотларга муҳтож. Дунё ўзгаряпти, технологиялар ривожланяпти, меҳнат бозори янги компетенцияларни талаб қиляпти.

Аммо ислоҳот дегани мавжуд тизимни ҳар сафар бошқатдан қуриш эмас. Самарали тажрибани сақлаш, камчиликларни далиллар асосида бартараф этиш ва янгиликларни босқичма-босқич жорий қилиш ҳам ислоҳотнинг муҳим шартидир.

Таълим тизимига йиллар давомида амал қиладиган пухта қоидалар керак. Барқарорликсиз сифатни, изчилликсиз тараққиётни таъминлаш имконсиз.