15 НОЯБРДАН СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ НАРХИ 2,5 БАРАВАР ОШАДИ
2026 йил 15 ноябрдан аҳоли учун суюлтирилган газ нархи 2,5 бараварга қимматлаб, 1 кг учун 5 минг сўм этиб белгиланади. Ижтимоий реестрдаги кам таъминланган оилаларга ҳар кг учун 3 минг сўмдан, ойига 60 минг сўмгача компенсация тўланади.
Ўзбекистонда 2026 йил 15 ноябрдан бошлаб аҳолига етказиб бериладиган суюлтирилган газ нархи 2,5 баравар оширилади. Бир килограмм газнинг амалдаги 2 минг сўмлик нархи 5 минг сўмга кўтарилади.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 октябрдаги 602-сонли қарорида белгиланган.
Янги тарифга кўра, аҳоли 20 килограмм газ учун аввалги 40 минг сўм ўрнига 100 минг сўм тўлайди. Яъни бир баллон газ харажати 60 минг сўмга ортади.
Нарх ошиши муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга компенсация ажратилади. «Ижтимоий реестр»га киритилган ва белгиланган мезонларга жавоб берадиган оилаларга ҳар бир килограмм газ учун 3 минг сўмдан, ойига кўпи билан 60 минг сўм компенсация тўланади.
Шу тариқа, компенсация олувчи оилалар учун 20 килограмм газнинг амалдаги харажати 40 минг сўмни ташкил этади. Ушбу ижтимоий ёрдам 2030 йил 1 январга қадар амал қилади.
Ҳукумат 2027 йил 1 майга қадар суюлтирилган газ нархларини янада эркинлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни ҳам режалаштирган.
Нарх ошиши, марказлашган табиий газ тармоғи мавжуд бўлмаган ҳудудларда яшовчи аҳолининг кундалик харажатларига таъсир кўрсатиши аниқ.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг