АҲОЛИГА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗНИ ЭРКИН СОТИБ ОЛИШ ТАНЛОВИНИ ҚОЛДИРИННГ
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров суюлтирилган газ бозоридаги ислоҳотлар ортида «LPG-Trade» МЧЖ учун яратилган имтиёз ва монополия хавфларини таҳлил қилади, аҳолини газни эркин ва рақобатли шароитда харид қилиш танловидан маҳрум этмасликка чақиради.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳолига аҳолига суюлтирилган пропан газини узоқ ҳудудларга баллонларда етказиб бериш тизими издан чиқиб, ойлаб уйига пропан етказилиб берилмаётган истеъмолчилардан шикоятлар кўпайиб кетган эди. Бундан ташқари соҳада жиноий спекуляция авж олганлиги ҳақида хабарлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ-326-сон қарори қабул қилинди.
Унинг мантиқий давоми сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 октябрдаги “Аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашнинг бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 602-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатларни ўқир экансиз мақсадларнинг улуғворлигига ишонч ҳосил қиласиз, сайловчиларни ёки имзо қўйгувчини рози қилиш учун ёзилганига амин бўласиз. Қарорларда аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашнинг барқарор тизимини шакллантириш, соҳада рақобат муҳитини ривожлантириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, ушбу фаолиятнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш ваъдалари берилган.
Қарор мазмунидан кўриниб турибдики, республикада суюлтирилган газ таъминоти тизимида бозор механизмлари босқичма-босқич жорий этилиши керак.
Соҳадаги ислоҳотларнинг ижтимоий оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини давлат томонидан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланганлиги яхши.
Лекин, ҳужжатларда LPG Trade МЧЖ учун имтиёз, эксклюзив ҳуқуқ ва истиснолар тажрибасиз инсонларнинг кўзига ташланмайдиган қилиб, ёзиб юборилган. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ таъсисчилигида яна бир монопол ташкилот “LPG-Trade” МЧЖ ташкил қилиниши аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш соҳасидаги функцияларни ихтисослаштириш деган чўпчак билан асосланмоқда.
Республика корхоналарида ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган суюлтирилган газ (ўз шохобчаларида сотиладиган ҳажмлардан ташқари) фақат биржа савдолари орқали сотилиши ҳужжатларда белгиланган. Эътибор беринг, “Ўзбекнефтегаз” ва “Лукойл” компаниялари ишлаб чиқарган суюлтирилган газ тўлиқ ҳажмда биржанинг алоҳида савдо майдончасида сотувга қўйилади. Алоҳида савдо майдончасида сотувга қўйилган газни фақат LPG Trade МЧЖ сотиб олади. Яна битта монопол ташкилот пайдо бўлди, ваколатли орган билмай қолди.
2026 йил 15 ноябрдан бошлаб аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана сотиш нархи ҳар бир килограмми учун қўшилган қиймат солиғи билан 5 000 сўм, «LPG-Trade» МЧЖ томонидан аҳолига суюлтирилган газни етказиб бериш хизмати учун чекланган нарх ҳар бир килограмми учун қўшилган қиймат солиғи билан 1 300 сўм этиб белгиланмоқда.
Аҳолига белгиланган чакана нархларда суюлтирилган газ етказиб бериш билан боғлиқ иқтисодий жиҳатдан асосланган харажатларни қоплаш учун «LPG-Trade» МЧЖга республика бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилиши белгиланмоқда. Бу билан боғлиқ харажатлар 2026 йил бюджетига қўшилади, 2027 йилдан пропанни субсидиялаш бюджетда алоҳида сатр билан кўрсатилади. Бюджетдан алоҳида юридик шахслар учун манфаатли бўлган имтиёз, эксклюзив ҳуқуқ ва истиснолар, шу жумладан, субсидиялар берилмайди деган ваъдалар яна четга суриб қўйилмоқда.
Бундан ташқари LPG Trade МЧЖга суюлтирилган газ етказиб бериш тизимини қайта ташкил этиш учун 200 млрд. сўм фоизи кўрсатилмаган бюджет ссудаси берилади. Балки, фоизсиз ссудадир. Бу энди жуда ёғли бўлди.
Лекин, ҳужжатларнинг асосий мақсадларида белгиланган, ҳукуматнинг соҳада рақобат муҳитини ривожлантириш истаги борлиги шубҳа уйғотади ва саволларни пайдо қилади. Ўзи ҳукумат ростдан ҳам пропан бозори пайдо бўлишини истаганми, аҳолининг эркин танлови ҳақида қайғурганми?
6 ойлаб уйига пропан газ баллони етказиб берилмаган истеъмолчилар иложсизликдан пропан гази тўлдириш шаҳобчаси (заправка)га бориб, ҳар килоси учун 12-13 минг сўмдан тўлаб, ўз баллонини пропан билан тўлдираётган эди. Бир четда энди бозор механизми ривожланиб келаётган эди, тегмай турса ва техник талабларни тасдиқлаб берса, янада ривожланиши мумкин эди. Шуни ҳам бўғиб қўйишди.
Кутилмаганда (буюртма берганлар учун кутилган), 2026 йил 2 ноябрдаги ЎРҚ-1186-сонли қонун билан “Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс”га суюлтирилган углеводород газини истеъмолчиларга автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан маиший газ баллонларида бериш базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади мазмунида ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу эса ёнғин хавфсизлиги тизими такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан деган чўпчак билан асосланди.
Бозор механизмларига ўтишни хоҳласангиз бозор учун имконият қолдириб кетишингиз керак эмасмиди? Очлигидан камбағалнинг газига кўз олайтираётган бойлар учун газ манбаи қилиб беришингиз керак эмасмиди? Аҳолини танловсиз қолдириш бўйича чемпионсизлар.
Нима учун истеъмолчиларга углеводород газини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида маиший газ баллонларида бериш (сотиш)ни муқобил вариант сифатида кўриб чиқмайсизлар? «LPG-Trade» МЧЖга рақобатчи керак эмасми, шундай буюртма бўлганми?
Динозавр давридан қолган техник регламент ва талабларни ўзгартиринг, шаҳобча ёнида алоҳида ихтисослашган дўкон ташкил қилишга рухсат беринг, қолганини тадбиркорга қўйиб беринг. Кимнинг пули етса қуради, кимнинг пули етса бозор нархида сотиб олади. Шу жойнинг ўзида кимларгадир монополия қилиб берилган пропан баллонларнинг чакана савдосини ҳам ташкил этиш мумкин бўлади.
Хоҳиш бўлса, бўлди. Нимагадир халқаро тажрибанинг шу жойларини ўрганмагансизлар.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг